Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 27 октябрь куни хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиcи, Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бажарилган ишлар таҳлил қилинар экан, корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш, коммуникация тармоқларига уланиш ва тижорат банкларидан кредит ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича қилинаётган ишлар қониқарсиз, деб баҳоланди.
Мутасаддиларга мулк эгалари билан биргаликда ишламай турган 1 минг 200 объект фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳалар ва “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва молиявий-иқтисодий аҳволини мониторинг қилиш, уларни кредит ва моддий ресурслар билан таъминлаш, мавжуд муаммолар ва уларнинг сабабларини аниқлаш, муҳандислик ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш, бозор топишда тадбиркорларга амалий кўмак бериш масалаларига давлат идоралари томонидан етарлича эътибор қаратилмаётгани таъкидланди.
Рақобат муҳити ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, биржа фаолиятини лицензиялаш, замонавий кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳага энг ривожланган давлатлар тажрибасини татбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мавжуд камчиликларни бартараф этиш, истиқболга белгиланган вазифалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.
28.10.2017 12:13
ПРЕЗИДЕНТ РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ИШИНИ ҚОНИҚАРСИЗ БАҲОЛАДИ






