АсосийSUG'DIYONA

“ОТА-ОНАМ ҲАЁТ БЎЛГАНИДА...”

'“ОТА-ОНАМ ҲАЁТ БЎЛГАНИДА...”'ning rasmi

Жозиба, 19 ёш, Бухоро шаҳри:

— Менинг ҳаётимни эшитганлар ўн тўққиз ёшингда бунча ташвишинг, ғаминг кўп бўлмаса дейди. Ота-онам тадбиркор бўлишгани учун Бухородан Тошкентга кўп бориб келишарди. Улар йўқлигида бизга бувижоним қараб турарди. Ана шундай сафарларнинг бирида ота-онам кечаси автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлишди. Мени ва укамни амаким ўз қарамоғига олди. Амакимнинг тўрт фарзанди бор. Оила бизникига кўчиб келишди. Аввалига бу воқеадан жудаям хурсанд бўлдик. Ҳаммамиз катта аҳил оила бўлиб яшаймиз деб ўйлагандик. Афсус, ундай бўлмади. Аста-секин келинойим рўзғорни ўз қўлларига олди, онамнинг қимматбаҳо буюмлари, кийим-кечакларини ўзлаштирди. Бувижоним: “Ота-онасидан қолган ёдгорликларга тегманг”, деганида, “Мен буларингизни тарбиялаяпман, фарзандимдек қараяпман, ана шуларнинг ҳаққи бу”, деб ҳеч нарсани қайтармади. Амма-холаларимнинг эса бундан хабарлари йўқ. Мени ва укамни келинойим худди хизматкоридек кўради, фарзандларининг эса қўлини совуқ сувга ҳам урдирмайди. Ўзимнинг уйимда иш қиляпман-ку дейман-да, бунга ҳам чидайман. Мактабни битириб, коллежда ўқийман деганимда, келинойим амакимга: ”Тергайдиган ота-онам йўқ деб, кўчага чиқса ўзини билмай қолади”, дебди. Шундан сўнг кўчага ҳам умумун чиқармай қўйишди. Уйга совчилар кела бошлаганида, бувижоним: “Ҳали бола бўлса, эрта турмушга бериб қийнамайлик”, деб рози бўлмаётганди. Бир йил илгари бувижонимнинг вафот этди. Ишонган суянчиғимиздан ажралиб қолдик. Шу кунларда эса келинойим биринчи оиласи билан ажрашган укасига турмушга бермоқчи. Бунга амакимни ҳам қўндирган. Мени рози эмаслигим эса ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Укам улар билан қолса, ҳаёти қандай бўлишини ўйлаб сиқиляпман. Қандай йўл тутишга ҳайронман...

Маслаҳат: — Бироз қийин вазият экан. Қизим, сиз кўп қийинчиликларни бошингиздан кечирибсиз. Ҳар биримизнинг бу дунёдаги насибамиз алоҳида, сизга насиб қилган яхши кунлар ҳали олдинда. Етимларнинг ҳаққи келинойингизга буюрмайди, бунинг ажрими албатта бўлади. Ҳаётингиз ўз қўлингизда, нима қилар эканман, деб ўтирсангиз, тақдирингиз бундан-да оғирлашиб кетади. Иродали бўлиб, ўзингизни қўлга олинг. Амма-холаларингиздан ёрдам сўранг, улар сизни ташлаб қўйишмас. Ўқиш, билим олиш ҳеч қачон кеч эмас, ҳунарли бўлишга ҳаракат қилинг. Ўзингиз учун курашишни ҳам билинг.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар