24 октябрь куни Грецияда 2018 йил февралида Корея Республикасининг Пёнгчанг шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинлари машъаласини ўт олдириш маросими бўлиб ўтди. Маросим одатдагидек Пелопоннес яриморолида жойлашган Олимп тоғида ўтказилди.
Маросимда Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Пёнгчангдаги Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Ли Хи Бом, Олимпия шаҳарчаси мэри Ефтимос Котзас, Греция Миллий олимпия қўмитаси президенти Спирос Капралос ҳамда Греция президенти Проколис Павлопулос иштирок этишди.
Машъалани 2014 йилги қишки олимпиада иштирокчиси, грециялик чанғичи Апостолос Ангелес ўт олдирган. Машъалани жанубий кореялик собиқ футболчи Пак Жи Сун қабул қилиб олади.
31 октябрга қадар машъала Греция ҳудуди бўйлаб олиб юрилди. Анъанага кўра, Олимпиада рамзи 2129 км масофани босиб ўтади, 8 кун давомида машъалани 505 нафар спортчи кўтарди. Машъала 31 октябрь куни Афинадаги «Панатинаикос» стадионида Пёнгчанг вакилларига топширилди.
Шундан сўнг, машъала шарққа томон 8,5 км масофада олиб ўтилди ва 1 ноябрь куни, Олимпиада бошланишига 100 кун вақт қолганида Жанубий Кореяга етказилди. Машъала Жанубий Кореянинг йирик шаҳарлари бўйлаб айлантирилади ва жами 2018 км масофани босиб ўтиб, 9 февраль арафасида олимпия шаҳарчасига етказилади.
Қишки Олимпиада ўйинлари 9 февралдан 25 февралга қадар давом этади.






