АсосийSalomatlik

Мадад-шифо: “СУРГИ ДОРИЛАР ЗАРАР ЭМАСМИ?”

'Мадад-шифо: “СУРГИ ДОРИЛАР ЗАРАР ЭМАСМИ?”'ning rasmi

— Анчадан бери қабзиятдан қийналаман. Мева ва сабзавотларни сира канда қилмасам-да, барибир шу муаммодан фориғ бўлолмадим. Сўнг парҳезни ташлаб, сурги дориларга ўтиб олдим. Энди бўлса хавотирдаман, дорига ўрганиб қолсам-чи? Шундай бўлиши мумкинми?

Шукрулло Маҳкамов, Андижон вилояти

Нодира ҲАМРОЕВА, олий тоифали шифокор-терапевт:

— Қабзиятнинг сабабларини билишдан олдин қуйидаги ҳолатларга диққат қаратинг.Ушбу ҳолат йўғон ичак ҳаракат тизимининг бузилиши, ҳазм фаолиятининг меъёрда эмаслиги, асаб билан боғлиқ ўзгаришлар, стресс, кам суюқлик ичиш, камҳаракатлилик туфайли пайдо бўлади. Қабзият организмга жиддий зиён етказиши мумкин. Шу боис бепарволик ярамайди. Касалликни даволашда таомнома ва баъзи тавсияларга эътибор қаратиш лозим. Аввало бир кунда 4-5 маҳал оз-оздан овқатланинг. Кўпроқ суюқлик ичинг. Мева ва сабзавотларни канда қилманг.

Ширинликлар, оширма хамирдан тайёрланган пишириқлардан воз кечинг. Ҳар куни ярим соат пиёда юринг. Бу ичакларни ҳаракатга келтиради. Ҳожатга чиқишда қовуқ тўлишини кутиб ўтирманг. Бу ҳам қабзиятга олиб келиши мумкин.

Сурги дориларга келсак, таъсири бўлиши рост. Аммо кўникма ҳосил бўлса, организмингиз ўзини-ўзи эплолмай қолади. Бунинг эса фойдадан зарари кўп. Яхшиси, бир-икки марта сурги дорисидан фойдалангач, овқатланиш тартиби ва турмуш тарзини яхшилашга ҳаракат қилинг.

    Бошқа янгиликлар