Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти тўғрисида Низом қабул қилинди.
Мукофот йил давомида давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган, соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, ватанпарвар ёшларни рағбатлантириб бориш мақсадида таъсис этилади.
Мукофот ёшларга қуйидаги номинациялар бўйича ҳар йили бир марта берилади:
- Давлат ва жамият бошқаруви соҳасида “Йилнинг энг яхши ёш депутати”, “Йилнинг энг яхши ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари”, “Йилнинг энг яхши туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Йилнинг энг яхши вилоят кенгаши раиси”, “Йилнинг энг яхши туман (шаҳар) кенгаши раиси”, “Йилнинг энг яхши ёшлар масалалари бўйича МФЙ раиси ўринбосари”, “Йилнинг энг яхши ёш маҳалла посбони” номинатсиялари бўйича (7 та);
- Иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш фермери”, “Йилнинг энг яхши ёш ҳунарманди”, “Йилнинг энг яхши ёш ишчиси”, “Йилнинг энг яхши фидоий ёшлар отряди аъзоси” номинатсиялари бўйича (5 та);
- Фан-таълим ва ижтимоий соҳада “Йилнинг энг яхши ёш олими”, “Йилнинг энг яхши ёш дастурчиси”, “Йилнинг энг яхши ёш ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши талабаси”, “Йилнинг энг яхши ўқувчиси”, “Йилнинг энг яхши бошланғич ташкилот етакчиси”, “Йилнинг энг яхши “Камалак” сардори” номинатсиялари бўйича (7 та);
- Санъат, маданият, журналистика ва спорт соҳасида “Йилнинг энг яхши ёш режиссёри” (теар ва кино йўналиши бўйича), “Йилнинг энг яхши ёш актёри” (теар ва кино йўналиши бўйича), “Йилнинг энг яхши ёш қўшиқ ижрочиси” (мумтоз қўшиқ, опера ва эстрада йўналиши бўйича), “Йилнинг энг яхши ёш бастакори”, “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори” (назм ва наср йўналиши бўйича), “Йилнинг энг яхши ёш журналисти”, “Йилнинг энг яхши ёш рассоми”, “Йилнинг энг яхши ёш дизайнери”, “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” номинатсиялари бўйича (14 та).
Мукофотни беришда ёшлар фаолият кўрсатаётган соҳадан келиб чиқиб, йил давомидаги иш самарадорлиги, тизим ёки соҳани ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси, ўз соҳасига киритган инноватсияси, фаолияти орқали давлат ва жамият ҳаётига келтирган амалий фойдаси, шунингдек меҳнатсеварлиги, фидоийлиги, интизоми, иқтидори, жамоат ишларидаги фаоллиги, давлат ва халқаро миқёсда эришган ютуқлари соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлигига эътибор қаратилади.
Мукофот Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда мамлакатимиз ривожи йўлида жонбозлик кўрсатаётган чет эл фуқароларига ҳам берилади.
Мукофот совриндорларига энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти, статуэтка ва махсус диплом топширилади.
Мукофот совриндорлари ҳар йили декабр ойида тантанали равишда тақдирланади.






