Баъзида тўйиб йиғлагингиз келади. Хонанда куйлагандек: «Чорасиз дардларнинг эрур чораси, кел, энди бир тўйиб йиғлайлик, кўнгил...» Аммо юрагингизни кўз ёшлар-ла бўшатсангиз ҳам, орадан кўп ўтмай муаммолар яна сиз томон бўйлайверади. Ҳа, баъзида турмушимиз — бахтсизлик, ишимимиз — асабийлик, хуллас, ҳаётимиз нурсиз туюлади. Шундай кезларда бир инсон бўлса-ю, онги-шуурингиздан жамики муаммони тортиб олса... Аммо ўша инсон ким?
Дардингиздан тўрт девор тугул, дунёларга сиғмаяпсиз? Бир дардкаш, йўқ, табиб, йўқ, сеҳргар керак сизга. Қўлидаги тайёқчаси билан ҳамма-ҳаммасини ҳал қилса? Лекин ўша сеҳргарни кутиб ўтираверсангиз, чумолингиз ҳақиқатда филга айланади. Тажрибали мутахассислар муаммоларни ечишнинг энг мақбул йўлини тавсия этишади. Яъни ўзингизга четдан, ўзга нигоҳ-ла назар солмоқни. Бунинг учун ўзингизни ўзингиз сўроққа тутсангиз бас. Марҳамат, сизга «шпаргалка».
Шахсий ҳаёт
Турмуш ўртоғингиз ёхуд бошингиз очиқ бўлса, кўнгил қўйганингиз билан муносабатларда қандай хатоларга йўл қўяяпсиз ва уни қанақа ҳал қилиш мумкин?
Ўзимизга савол берамиз:
- Айни дамдаги ҳолатимга нима сабаб?
- Ёрим билан муносабатларимизда қайси жиҳатим таҳсинга сазовар?
- Қайсилари эса ўзимга ёқмайди?
- У билан муносабатларда менга нима ноқулайлик туғдиради (пул, тушунмаслик ва ҳакозо)?
- Мен унинг соғлиги, хотиржамлиги учун ғамхўрлик қилишга тайёрманми? Ва бунинг учун ўз истакларим, соғлигимни қурбон қила оламанми?
- Жуфтлигимиздан мамнунманми?
- Бир-биримизнинг ҳамма гапларимизни икир-чикиригача эшита оламизми?
Мулоҳаза
Аввало шуни билингки, муносабатлар бу кўзгудек гап. Агар биз кўзгуга ўзимизга оро бериб қарасак, албатта, чиройли қиёфамиз унда гавдаланади. Тош отсак, чил-чил синади.
Саволларга берган жавобларингизни кўздан кечириб, тушкун кайфиятга тушиб қолманг. Улар муаммодан далолат бермайди. Аксинча, ўзингизни яна яхшироқ тушунишингизга кўмаклашади, муносабатларингизнинг ўрганилмаган томонларини ўрганишингиз имконини туғдиради ва янги таклифларни юзага келтиради. Шу ўринда яна ўзингизга савол беринг: «Мени нима безовта қилаяпти?» «Бу инсон менга кимни эслатаяпти?» «Қачон мен шундай ҳисни туйгандим?»
Тўғри, баъзида эр-хотин ёки севишганлар ўртасида чидаб бўлмас даражада можоралар юз беради. У билан ўзингизни хотиржам ҳис қилмайсиз, яшнаб-яйраб яшай олмаяпсиз? Ўзингизни қўлга олиб, яна сўроққа тутинг: «Бу вазият мен ҳақимда нимани билдираяпти?» «Шу муаммонинг яширин фойдаси нима?» «Агар вазият ўзгарса, нима бўлади?» «Ё алоқани узиш керакми?» Мана шу охирги савол устида яхшилаб ўйланг. Бу ҳолатни бошқа бошдан кечирмаслик учун муносабатларга барҳам бермоқчимисиз? Агар «ҳа» дея жавоб берсангиз, билингки, бу билан мавжуд муаммодан халос бўлмайсиз, шунчаки уни итариб ташлайсиз. Яна бир кун оёқларингизга илакишмаслигига эса кафолат йўқ.
Энди эса навбатдаги савол: «Ундан ўзингиз истагандек муносабат кутишингиз тўғрими? Бунга ҳақлимисиз?»
Нима қилиш керак?
- Қўлингизга қоғоз ва қалам олинг. Хатни қўлда ёзишингиз шарт. Шунда миянгизга моғор босиб ётган фикрлар уйғонади. Ва ўзингиз ёки ёрингизга хат ёзинг, фақат жўнатманг. Хатингизда «Мен у билан қандай туйғуни туяман?» «Агар у ёнимда бўлмаса, ўзимни қанақа ҳис қиламан? Эътиборсиз қолиб кетгандекми? Сувсиз балиқдекми?» саволларига, албатта, жавоб бўлсин.
- Агар муаммолар кундан-кун чигаллашиб кетаётган бўлса, ёрингиз билан бафуржа гаплашиб олинг. Фақат суҳбат айбловлардан холи бўлсин. Шунда у томонидан кутаётганларингиз амалга ошади ёки масала жиддий бўлса, муносабатларга нуқта қўйилади. Муҳими эса муаммо қандай бўлса, шундайлигича қолдирилмайди.
Иш
Иш фаолиятингизда эгаллаган лавозимингиз сизни қониқтирадими? Иш жойингиз ёки режимингизни ўзгартириш ниятингиз борми?
Ўзимизга савол берамиз:
«Ҳафтасига қанча вақтимни ишга, ижтимоий ҳаётга ажратаман?»
«Ишга кираётганимда мен учун нима муҳим эди: эътироф, даромад, қизиқиш, ижодий томони, мулоқот, лидерлик? Ҳозир-чи?»
«Менга карьера поғоналарида юқорига кўтарилишимда нима куч берган ва бунга сабаб? Нималар эса иштиёқимни сўндирган?»
«Қайси беш жиҳат исталган соҳада ёки жойда ишлашим учун муҳим? Шулар ҳозирги ишимда мавжудми?»
Мулоҳаза
Иш ҳаётимизнинг катта қисмини ташкил этади. Ундан қониқмаслигимиз, уни яхши кўрмаслигимиз эса турмушимизнинг бошқа жабҳаларига таъсир қилади. Айни дамда ишингизни ўзгартириш ҳақида ўйлаётган экансиз, демак, ўзгаришлар пайти келибди. Балким иш фаолиятингиздан кутганларингиз амалга ошмагандир, ёки қарашларингиз ўзгаргандир, ёхуд бир жойда қотиб қолгандирсиз. Энг ёмони эса оилавий ҳаётингизга бу кайфиятингиз, ҳолатингизнинг таъсир ўтказаётгани.
Хўш, энди дўппини ерга қўйиб, бир эсланг. Фаолиятингизда сизга куч бағишлайдиган ва аксинча бўлган вазият қачон, нима учун, ким билан юз берган? Эътиборни бутун фаолиятингизга қаратинг, фақат охирги кунларга эмас. Диққат билан мулоҳаза қилинг, ишингиз борасида бош қотиришингизга нима ёки ким сабаб бўлди? Энди муаммоларни иккига бўламиз:
1-атрофдагилар билан муносабат. Талабчан, қаттиқўл, зиқна бошлиқ, мижғов, захарханда, қўпол ёки масъулиятсиз ҳамкасб билан келиша олмай қолдингизми? Ёки яиқнларингизнинг ишингизга бўлган салбий муносабатими? Балким кундалик муаммолардир?
2-карьера масаласи. Яъни ишдаги нуфузингиз, лавозимингиз, вазифаларингиз, ижодкорлик руҳи, ишдан завқланиш туйғуси, иш ҳақи кабилар.
Масалага ойдинлик киритган бўлсангиз, ўз устингиздаги терговни давом эттиринг: «Ишхонада, ишлаш жараёнида мени нималар хурсанд қилади?» «Яна чуқур билимга, мукаммал тажрибага эришишим учун нималар қилишим керак?» «Шунча тер тўкиб, нима топаяпман: пул, эътироф?» «Фаолиятимда менга нима етишмаяпти: жамоанинг қўллови, эркинлик?» Ушбу саволларга жавоб топа олсангиз, аниқ қарорга келишингиз осонлашади.
Нима қилиш керак?
Ўзингиз ишонган, сизни яқиндан таниган киши билан гаплашинг. Балким мутахассис суҳбати зарурдир? У билан ишингизни муҳокама қилинг, шунда ўзингизнинг ожиз ва кучли томонларингизни яққолроқ кўриш бахтига муяссар бўласиз. Ва иш жараёнида ўзингизни бахтиёр ҳис қилишингизга нима халақит бераётганини англайсиз.
Ишхонадаги ролингизни аниқлаб олинг. Марҳамат, раҳбарингизнинг ҳузурига киринг. Вазифаларингизни ва у сиздан нималар талаб қилаётганини ўз оғзидан эшитинг. Фаолиятингизни қандай баҳолашини ҳам ойдинлаштириб олсангиз, нур устига нур. Агар суҳбатнинг асл мағзини чақолсангиз, бу сизни умидлантиради ва ишингизга ижобий таъсир қилади.
Кичик ўзгаришлар қилинг. Дарров ариза ёзиб, ишдан бўшаманг-да, бирор тренингларга қатнашинг ёки руҳшунос қабулига боринг. Сизни асабийлаштирадиган вазиятларда ўзингизни қандай тутишни ўрганинг. Мувозантни ушлашни билинг.
Бутун ишни бошдан-оёқ режалаштириш шартмас. Ҳаммасини аста-секин бошланг. Ё елкангизда мажбуриятларни, режимингизни ўзгартириб кўринг. Агар натижа бўлмаса, ишингизни алмаштириш ҳақида ўйлашингиз мумкин. Ишхонада ҳам шундай бир ролни танлангки, у сизни фақат олдинга қадам ташлашга ундасин.
Айтганча...
Саволларни қоғозга ёзиб, жавобларни ҳам унга туширсангиз, таъсир кучи кучлироқ бўлади. Кейинги сонимизда эса яқинларингиз — ота-онангиз, дўст-биродарларингиз ва ўзингизга бўлган муносабатингизни таҳлил қиламиз.
Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






