Самарқандлик машҳур тадбиркор Умар Ражабов 57 нафар боланинг хайрия суннат тўйини ўтказди ва уларнинг ҳар бирига банкда ҳисоб рақами очиб, унга бир миллион сўмдан пул қўйди, деб хабар берди Nuz.uz нашри.
Тадбирга Самарқанд ва Жума шаҳарларидаги саккизта маҳалладан кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, таклиф этилди.
“Умар” қурилиш компанияси бундай хайрия ишларини савоб йўлида амалга ошириб келмоқда. Масалан, ўтган йили компания 30 нафар боланинг хайрия суннат тўйини ўтказган, 1-сон Меҳрибонлик уйига автобус ва компания томонидан бунёд этилаётган кўп қаватли уйдан битта квартира совға қилган эди.

Бу йил ҳам болалар қувончларини яшира олишмади. Уларнинг тарбиячилари ва ота-оналари учун дастурхон ёзилди ҳамда болаларга тўй либослари берилди ва совға-саломлар улашилди. Ташкилотчилар ушбу кун болаларнинг хотирасида қолиши учун чин дилдан ҳаракат қилишди. Тантана учун қандолатчилар томонидан тайёрланган махсус улкан торт болаларнинг қувончига қувонч қўшди. Уларни ўйин-кулгига чорловчи куй ва қўшиқлар янгради. Тадбирда таниқли хонанда Асатулла Отауллаев, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театр актёри Комрон Отауллаев ҳамда «Аловиддин» гуруҳи жонбозлик кўрсатишди. Умар Ражабовнинг даврага чиқиб, ҳар бир болажон номига “Ипак йўли” банкида ҳисоб рақами очиб, унга бир миллион сўмдан пул қўйиши ва бу маблағ улардан ҳар бирининг никоҳ тўйигача юқори фоизда банкда сақланиши ҳақидаги хабари олқишлар билан кутиб олинди. Айрим оналар ўзларининг қувонч кўз ёшларини яшира олмадилар.

“Маҳалла” жамғармасининг Пастдарғом туманидаги бўлими раиси муовини Гулнора Пўлатова NUZ.UZ нашри мухбирига берган интервьюсида суннат тўйига туман маркази маҳаллаларидан 8 нафар болани олиб келганлигини маълум қилди.
– Фарзандлари билан тадбирга ташриф буюрган оналар фақатгина концерт дастури ва байрам дастурхони бўлишини кутишган эди. Аммо Умар ака томонидан уларнинг фарзандларига қимматбаҳо совғалар улашилиб, банкда уларга ҳисоб рақами очилиб, пул қўйилганлигини эшитгач, қувончдан кўзларига ёш олишди,– деди Гулнора Пўлатова.
Гулнора Пўлатова Умар Ражабовнинг яна бир инсоний фазилатини таъкидлаб ўтди:
– Умар ака, болалар ва уларнинг ота-оналари билан танишди. Навбат Ҳасан ва Ҳусан Нормуродовларга етганда нима учун уларнинг онаси тадбирга келмаганлигини сўради.
Мен эгизакларнинг онаси ногиронлигини, айни пайтда оғир касал бўлиб ётганлигини айтдим. Умар ака аёлни Самарқандга олиб келиб касалхонага жойлаштиришини, барча чиқимларни ўзи тўлашини маълум қилди.

Ўзбекистон фахрийларнининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Ҳасан Нормуродов ўз чиқишида болаларни улар ҳаётидаги бугунги улкан воқеа билан табриклади.
– Шуни эсдан чиқармайликки, тадбиркор кўп, аммо ўз ихтиёри билан мунтазам хайрия ишларига қўл ураётганлар – ҳисобли. Ана шудай қўли очиқ ишбилармонлардан бири Умар Ражабов бўлади, – деди у болаларга қарата. – Сизлар ҳам улғайиб, ўзингизга ва атрофдагиларга фойда келтирадиган йигитлар бўлиб вояга етасизлар деб ишонаман. Бунга сизга Умар бобонгизнинг йўли ибрат бўлсин. Умар Ражабов 20 йилдан бери хайрия ишлари билан шуғулланиб келади. Эсимда, у 30 ёшдалигида, энди ёш тадбиркор, деб ном чиқарганда унинг офиси ёнида жойлашган тиббиёт институти талабалари учун хайрия тадбирини уюштирган эди. Улар ҳозирда машҳур шифокорларга айланганига қарамай, ҳамон Умар Ражабовнинг сахийлигини, қўли очиқлигини унутмайди”.






