АсосийJamiyat

РЕСПУБЛИКАМИЗ ҲУДУДИГА ҚИЙМАТИ 4 МЛРД. 87 МЛН. СЎМДАН ОРТИҚ БЎЛГАН ТУРЛИ ТОВАР-МОДДИЙ БОЙЛИКЛАРНИНГ ЯШИРИНЧА ОЛИБ КИРИЛИШИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

'РЕСПУБЛИКАМИЗ ҲУДУДИГА ҚИЙМАТИ 4 МЛРД. 87 МЛН. СЎМДАН ОРТИҚ БЎЛГАН  ТУРЛИ ТОВАР-МОДДИЙ БОЙЛИКЛАРНИНГ ЯШИРИНЧА ОЛИБ КИРИЛИШИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ'ning rasmi

Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади.

Республикамизда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар жорий қилинаётганига қарамай республикамизга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш чоғида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини фош қилиб, катта миқдордаги товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишди.

Жумладан, “Чуқурсой техник идора” чегара-божхона постида Хитойдан Фарғона вилоятида фаолият юритувчи “Яхши Ният Замин Файзи” масъулияти чекланган жамияти номига келтирилган юклар ортилган иккита темир йўл контейнери юк эгаси ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик давомида мазкур контейнерларда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 28 минг донадан ортиқ адёллар, 12700 дона электр ҳисоблагич, 183 минг дона компакт дисклар, ошхона идишлари, маиший техника буюмлари, кийим-кечаклар, хуллас 21 турдаги турли товар-моддий бойликлар билан тўлдирилган экан. Шу тариқа қонунбузарлар қиймати салкам 4 млрд сўм бўлган товар-моддий бойликларни яширин йўллар билан олиб киришга уринишган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент транспорт прокуратурасига юборилди ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пойтахтимизда фаолият юритувчи “INTERNATIONAL POSTAL AND COURIER” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги курьерлик ташкилоти ходимларининг қинғирликлари фош қилинди.

Ушбу ташкилот орқали республикамизга келтирилган 2,5 тонна оғирликдаги 46 та почта жўнатмасини божхона назоратидан ўтказиш давомида курьерлик ташкилоти ходимлари Д.Аззамов ва унинг 2 нафар шериклари бевосита божхона назорати зонасида жиддий қонунбузарликка қўл уришди.

Фуқаролар Аззамов, Эркаев ва Козимовлар божхона назоратидан ўтказилиши лозим бўлган 46 та почта жўнатмаларидан 36 тасини божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида божхоначилардан яширишга уринишди.

Шу тариқа почта жўнатмаларидаги қиймати 87 млн. сўмдан ортиқ бўлган турли товар-моддий бойликларнинг республикамиз ҳудудига яширинча олиб кирилишига чек қўйилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилади.

    Бошқа янгиликлар