Мюнхенда бўлиб ўтаётган «Ауди Кап» мусобақасининг дастлабки ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Мюнхендаги «Альянц-Арена» мезбонлик қилган учрашувда «Атлетико» «Наполи»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Аввалига «Наполи» ҳужумчиси Аркадиуш Милик пенальтидан гол ура олмаган бўлса, 56-дақиқада Хосе Кальехон италияликларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Аммо 72-дақиқада Фернандо Торрес ҳисобни тенглаштирди, орадан 10 дақиқа ўтиб Лусиано Вьетто мадридликларга ғалаба келтирган гол муаллифи бўлди.
«Атлетико» «Ауди Кап» финалида 2 август куни бўлиб ўтадиган «Бавария» — «Ливерпуль» учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади.






