АсосийJamiyat

​ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ЖАМҒАРМАСИ ДИРЕКТОРИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАЛЮТА ИСЛОҲОТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ

'​ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ЖАМҒАРМАСИ ДИРЕКТОРИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАЛЮТА ИСЛОҲОТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ'ning rasmi

Ўзбекистон делегацияси 4−9 июль кунлари Халқаро валюта жамғармасининг штаб-квартирасида мамлакатимизда валюта сиёсатини ислоҳ қилиш юзасидан музокараларнинг биринчи раундини ўтказди.

Делегация таркибига Марказий банк, Молия вазирлиги ва Тикланиш ва тараққиёт Жамғармаси раҳбарлари кирди.

Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристин Лагард ташриф якуни бўйича Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонда валюта ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Мактуб матни ЎзАда эълон қилинди:

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари! Мен Сиз ва Сизнинг иқтисодий жамоангиз Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳоли моддий фаровонлигини юксалтириш йўлида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни астойдил маъқуллайман. Шуни ишонтириб айтаманки, Сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини биз техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бир неча кун аввал Халқаро валюта жамғармаси бош қароргоҳида жамғарма ходимлари билан Сизнинг вакилларингиз валюта сиёсатини ислоҳ қилиш йўллари бўйича дастлабки учрашув ўтказганидан ғоят мамнунман. Жамғарма ходимлари бу борадаги ишларни давом эттириш учун яқин орада Тошкентга боришидан хурсандман. Сизнинг вакилларингиз ва Халқаро валюта жамғармаси ходимлари яқин вақтларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида бошқа йўналишларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар орқали валюта тизимини эркинлаштиришни қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли масалаларни, жумладан, иқтисодий статистикани яхшилаш чора-тадбирларини муҳокама этишига ишонаман. Бу ҳукумат ва инвесторларга асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради. Жаноб Президент, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон улкан натижаларни қўлга киритишига қатъий ишонаман ва биз Сизни бу борада ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлайман.

Самимият билан,

Кристин Лагард,

Халқаро валюта жамғармаси

ижрочи директори

    Бошқа янгиликлар