Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Тошкентдаги бир қатор коллеж ва лицейлар ёпилмаётгани ҳақида раддия берди. Марказ бўлим бошлиғи Отажон Омонов томонидан тақдим этилган раддияда хусусан шундай дейилади:
“Олий ва ўрта махсус, таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази интернет нашрларда “10–11-синфларнинг очилиши муносабати билан Тошкентда 26 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ёпилади”, деган хабарни ҳуқуқий асосга эга эмаслиги муносабати билан расман рад этади.
Сайтда қайд этилган “ёпиладиган коллеж ва лицейлар рўйхати” ҳам аниқ манбага асосланмаган ҳолда нотўғри чоп этилган.
Ўз навбатида, айтиш лозимки, айни пайтда Республикадаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш давом этмоқда.”
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмасига мувофиқ 2017-2018 ўқув йилида ота-оналарнинг истак ва хоҳишларига кўра тажриба-синов тариқасида умумтаълим мактабларида 10-синфда ўқишни давом эттиришга имкон берилди.
Айни пайтда Республикадаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига 9-синф ўқувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш давом этмоқда.






