АсосийShou-biznes

​Зиёда ўғил фарзанд тарбиялашнинг масъулияти ҳақида гапирди

'​Зиёда ўғил фарзанд тарбиялашнинг масъулияти ҳақида гапирди'ning rasmi

“Жавоб беринг” лойиҳасининг бу галги меҳмонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Раҳматуллаев ва Зиёда Қобиловалар. Яқинда биргаликда “Мени сев” қўшиғини куйлаган ижодкорлар, ўзларини қизиқтирган саволлар билан бир- бирларига мурожаат этишди.

Улуғбек Раҳматуллаевнинг Зиёда Қобиловага саволлари:

  • Оилангизда қизлар кўплигини биламан. Бугун эса икки ўғил фарзанднинг онасисиз. Айтингчи, ўғил болани тарбиялашда қийналмаяпсизми? Нималарга кўпроқ аҳамият беряпсиз?
  • Сизни Умида Мирҳамидованинг шогирди дейишади, шу ростми? Ва қачон улар билан дуэт куйлашни режалатиргансиз?
  • Айтингчи, аёлларнинг ҳаммаси экстремал спорт турларига ўч бўлишадими ёки фақат менинг рафиқамда шундайми? Доим парашютдан сакрайлик деяверади-да...
  • Шахсан мен, санъат ва иш деб болаларимнинг ёнида кўп бўла олмаётганимдан ачинаман. Сизда ҳам шундайми?
  • Айни пайтда қайси орзуингизни амалга оширишни истаяпсиз?

Зиёда Қобилованинг жавоблари:

  • Кенжамиз ҳали кичкина, лекин катта ўғлим Комрон доим ўз айтганини қилдиргиси келади. Лекин у айтган ҳамма нарсани муҳайё қилиш тўғри эмаслигини биламиз ва иложи борича қаттиққўлроқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Аммо у гап-сўзлари билан бизни “эритишни” билади. Бола беш ёшгача подшоҳ, дейишади. Эркалик қилиб турсин, кейин қатъийроқ бўламиз.
  • Ҳа, Умида Мирҳамидова устозим, қўлимдан тутиб санъат йўлига бошлаганлар. Дуэтга келсак, “Оқ атир гуллар”ни биргаликда “Менинг юртим” телеканалининг лойиҳасида ижро этган эдик. Хабарингиз йўқ, шекилли. Келажакда яна ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор...
  • Бошқаларни билмадим-у, лекин мен баландликдан сакраш, тез юрувчи аттракционлардан қўрқаман. Назаримда, бу одамнинг характеридан келиб чиққадиган қизиқиш бўлса керак.
  • Ҳамма ота-она фарзанди болалигида кўпроқ ёнида бўлгиси келади. Лекин санъаткорнинг ишида тартиб йўқ. Бу аксарият ҳамкасбларимизни қийнаётган муаммо. Она сифатида болаларимнинг ёнида кўпроқ бўлишга ҳаракат қиламан. Шу сабаб фарзандимиз битталигида ўзимиз билан олиб юрардик. Ҳозир иккита бўлгани учун бирга олиб юришимиз қийин. Лекин шундай бўлса-да, улар билан ўйнашга, бўш вақтим бўлганда, дам олишга бирга боришга ҳаракат қиламан.
  • Шукр, орзуларимга эришиб келяпман, қиз фарзанд кўриш истагим ҳам амалга ошади деб ният қиламан.

Зиёда Қобилованинг Улуғбек Раҳматуллаевга саволлари:

  • "Мени сев" дуэтини куйлаш ҳақида ўзингиз таклиф билдирган бўлсангиз ҳам, унга клип суратга олишни узоқ ўйладингиз. Нега?
  • Бундан бир неча йил илгари куйлаган дуэтимиз жуда оммалашгани эсингиздами? "Мени сев" ҳам унинг муваффақиятини қайтаради, деб ўйлайсизми?
  • Учинчи фарзандингизнинг дунёга келиши ҳаётингизда нималарни ўзгартирди?
  • Тажрибамдан биламан қариндошлар билан ишлаш осон эмас. Сизнинг ҳам продюсерингиз укангиз... Бирга ишлашда муаммолар келиб чиқмайдими?
  • Ўзингиз ҳақингиздаги қайси танқиддан хафа бўлгансиз?

Улуғбек Раҳматуллаевнинг жавоблари:

  • Клип суратга олиш керакми ёки йўқ деган иккиланиш бўлгани йўқ. Лекин мухлислар кўпроқ “Қирмизи олма” қўшиғимга қизиқишгани сабаб биринчи унга клип суратга олгандим. Шунинг учун ишимиз бироз чўзилди. Лекин асосийси, бугун қўшиғимизнинг клипи бор. Мухлисларга маъқул келди, асосийси ҳам шу.
  • Ҳақиқатдан ҳам биринчи ҳамкорлигимиз кутилгандан ҳам яхши натижа берганди. У пайтда мусиқий телеканаллар кам бўлса-да, унинг тингловчилари жуда кўп эди. “Мени сев” ҳақида эса ҳозирча бир нима деёлмайман. Талаб бор, тинглашяпти. Бу ҳам натижа!
  • Жуда болажон инсонман, фарзандларим кўп бўлишини истайман. Чақалоқ ҳидини ҳам тез-тез соғиниб қоладиган одатим бор. Ҳар бир фарзандим туғилгач, айрим салбий одатларим йўқола бошлайди. Фарзандларнинг туғилиши, фақат яхшилик олиб келади.
  • Тўғри, яқинлар билан ишлаш, жуда масъулиятли. Доим қариндошлик ришталари ҳам борлигини ёдда тутиш шарт. Лекин жигарларнинг ўрни бошқа. Сенга улар каби жон куйдурувчи инсон бўлмайди. Укам Дилшод иш юритувчим бўлгандан хурсандман. Эришган ютуқларимда унинг ҳам ҳиссаси катта, деб ўйламан.
  • Танқидлар доим бўлган ва бундан кейин ҳам йўқолмайди. Улар орқасида кўнгилга тегадиганлари ҳам йўқ эмас. Лекин иложи борича, ҳар бир гапдан керакли хулоса чиқариб, яшашга ҳаракат қиламан.

Алия СУЛАЙМАНОВА

    Бошқа янгиликлар