Франциялик ўсмир бола отасининг маст ҳолда рулга ўтиргани ҳақида жандармларга маълум қилди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Эркакнинг қони текширилганда, ҳақиқатан ҳам у спиртли ичимлик ичганлиги тасдиқланди. Бу ҳақда Жиронда жандермерияси ходимлари ўзларининг Facebook саҳифасида хабар берди. Воқеа 28 май куни, А63 трассасида рўй берган.
“Бола отасининг машина ҳайдашидан хавотирга тушиб, оила аъзоларига қўнғироқ қилган. Улар эса ўз навбатида жандармерияга хабар берди. Жандармлар зудлик билан автомобиль турган жойга етиб борди”, дейилган хабарда. 12 ёшли бола ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига отаси ухлаб ётган машинани кўрсатди. Эркакни уйғотмоқчи бўлган жандармларнинг ҳаракати ҳеч қандай натижа бермади. Ширакайф эркак спиртли ичимлик таъсирида қаттиқ уйқуга кетган эди.
Бир амаллаб уйғотилган эркак аввалига жандармларни кўриб ҳайрон қолди ва уларнинг саволига тушунмади. Қон таҳлили натижасида эркакнинг қонида 2,76 грамм алкоголь борлиги аниқланди.
“Маст ҳолда автомобиль бошқариб, бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйганлиги учун қонунбузар ҳайдовчи жавобгарликка тортилади. Бола соғ-саломат онасига топширилди. Воқеа ижобий якун топди”, деб ёзди жандармерия ўз хабарида.






