Ҳар бир инсоннинг ўзига хос алоҳида яхши жиҳати, қобилияти бўлади. Ва кўпинча уларни қаршимиздаги инсонга намойиш қилишимиз талаб этилади. Масалан, биринчи учрашувда, орзумиздаги ишга кириш учун суҳбатга борганимизда, меҳмонда... Лекин негадир нимадир панд беради-ю, ўзимизга хослигимизни пайқашмайди ҳам. Ушбу тестимиз сизнинг яхши сифатларингизни қанчалик юзага чиқара олишингизни аниқлашга ёрдам беради.
1. Мактаб ёки институтдаги оғзаки имтиҳонларда одатда сиз...
А. «Ўзимни қунт билан тайёрлангандек кўрсатардим».
Б. «Ўй-фикрларимни тушунарли ифодалашга бор кучим билан тиришардим».
В. «Баландроқ овозда жавоб берардим».
Г. «Ўзимни чекимга тушган саволга жавоб бериш менга иш эмасдек тутардим».
2. Сизга кимдир аҳмоқона танбеҳ берса...
А. «Жаҳлим чиқиб, қизишиб кетаман».
Б. «Уятдан қизариб кетаман».
В. «Гапни ҳазилга бураман».
Г. «Кимнингдир ўйламай айтган сўзлари юрагимга яқин олишимга арзимайди».
3. Сизни шундай кечага таклиф қилишдики, борсангиз, ҳаётингизда ўзгариш юз бериши мумкин. Қай даражада тайёрланасиз?
А. «Ортиқча уринишга не ҳожат? Ҳаётим ўзгарса-да, ўзлигим ўзгамас ахир?»
Б. «Кийим жавонимдаги энг чиройли либосни кияман, ҳаммаси шунда зўр бўлади».
В. «Ташқи кўриниш ва кийинишда меъёрдан ошиб кетмаслигим лозим».
Г. «Жуда қаттиқ ҳаяжон билан тайёргарлик кўраман».
4. Ишга қабул қилиш жараёнида сиздан камчилигингиз ҳақида сўрашса...
А. Хавотирлана бошлайсиз: «Бу яхши ишора эмас».
Б.«Ахир камчилигим йўқ дея алдашим ҳам мумкин-ку!» деб ҳазиллашаман.
В. Ўзингизнинг ожиз томонларингизни рўйи-рост гапирасиз.
С. Ўзингизга яраша «минус»ларингиз борлигини айтиб, иш жараёнида уларни тўғирлашингизни таъкидлайсиз. Шу йўл билан сир бой бермайсиз.
5. Ёқтирган инсонингиз сизга беэътибор эмаслигига ишора қилса...
А. Кутасиз, токи кўнглини очмагунча.
Б. Сиз ҳам муносиб жавоб қайтара бошлайсиз.
В. Кўз-кўзга тушмаслигига ҳаракат қиласиз.
Г. Дилингиздагиларни изҳор қилиш учун қулай вазиятни кутасиз.
6. Фикрингизча, атрофдагилар сизнинг аслингизни қай даражада кўра олишади?
А. «Қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишади».
Б. «Бу уларнинг ҳаракатига боғлиқ».
В. «Ўзимни қанчалик намойиш қилсам, улар шунчалик менинг аслимни кўра олишади».
Г. «Ҳатто, ўзимга ҳам номаълум бўлган томонларимни билишади, менимча».
7. Ҳаёт, бу — ...
А. Лабиринт.
Б. Ҳамма ниқоб тақиб олган бал.
В. Саргузаштларга бой сайёҳат.
Г. Лотерея.
8. Кўзгудаги аксингизга қараганингизда...
А. «Бинойидек кўринаман».
Б. «Доим ҳам аксимдан кўнглим тўлмайди».
В. «Қиёфамни табиий қабул қиламан».
Г. «Кўзгуга қараш одатий ҳол-ку! Пардозимда ёки кийимимда камчилик бўлса, тўғирлайман».
9. Одамлардаги қайси хислатни қадрлайсиз?
А. «Нима ўйласа, шуни айтишларини, яъни иккиюзламачилик қилмасликни».
Б. «Одамгарчилик, бағрингкенгликни».
В. «Бошқаларнинг эътиборини жалб қила олишларини».
Г. «Атрофдагиларнинг севгисини қозонишганини».
10. Ким ёки нима ўзингизга бўлган баҳонгизни оширади?
А. «Суҳбатдошим юзидаги табассум».
Б. «Мақтовлар».
В. «Гап-сўзларимга қойил қолаётган нигоҳ».
Г. «Сизда бошқалар илғай олмаган хислатни кўра олган киши».
Балларни ҳисоблаймиз!
| Саволлар | А | Б | В | Г |
| 1 | 1 | 2 | 3 | 4 |
| 2 | 4 | 3 | 2 | 1 |
| 3 | 2 | 4 | 1 | 3 |
| 4 | 3 | 4 | 2 | 1 |
| 5 | 4 | 1 | 2 | 3 |
| 6 | 2 | 4 | 1 | 3 |
| 7 | 3 | 1 | 2 | 4 |
| 8 | 4 | 3 | 2 | 1 |
| 9 | 1 | 2 | 3 | 4 |
| 10 | 2 | 3 | 1 | 4 |
Натижалар
10-18 баллгача: хамелеон
Бошқаларнинг эътиборидан ўзингизни йўқотиб қўймайсиз, атрофдаги ҳамманинг нигоҳи сизга қадалиб турса ҳам, қаддингизни ғоз тутиб тураверасиз. Бу даражага қандай эришгансиз-а? Вазиятга қараб тўнингизни ўзгартира олиш эса сиз учун умуман муаммо эмас. Сизнинг ҳақиқатингиз — «Ҳар бир одамнинг захирада ниқоблари бўлиши керак, ўрни келганда уларни тақиб, турланиши лозим». Айни шу хислатингиз муҳим санаган кишиларингиз билан ўртангизда гап қочиб қолмаслигини таъминлайди. Агар бирор хатонгиз учун деворга тирашса, кўзингизга ёш олиб ҳам вазиятдан чиқиб кетасиз. Жуда мослашувчанлигингиз сабаб ҳар қандай даврада ижобий таассурот қолдирасиз.
19-24 баллгача: ошкора эътибор
Биласизки, ҳамманинг ўзига яраша ҳурмат-обрўси ва бунга арзигулик хислатлари бор. Уларни намойиш қилиш шарт. Қобилиятларингизни ўрни келганда ишга соласиз, бирор манфаат кўзлаганингизда-ку инчинун. Яна сиз инсоннинг ташқи кўриниши ва феълига қараб ҳам баҳо беришади, қуруқ меҳнат билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, дея ҳисоблайсиз. Ўзингизга хос томонларингизни айни пайтида юзага чиқарасиз. Тортинчоқлик сизга ёт. Эътибор беришаяптими, демак, бунга арзийман, дея йўлингизда давом этасиз. Энг муҳими эса сабр қилишни биласиз, яъни то вақти келмагунча тилингизни тишлаб тура оласиз. Шу руҳда давом этинг.
25-31 баллгача: оломондаги соя
Сиз эътибордан қўрқасиз, шу сабаб ўзингизни тўлақонли намоён эта олмайсиз. Сиз оломондаги соядек билинар-билинмай яшашни афзал биласиз. Кимдандир танбеҳ эшитгандан кўра жимгина юриш — энг маъқули шу. Ўз қобиғингизга ўралиб олишингизнинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин: масалан, айбдорлик ҳисси, кимнингдир қаттиқ танқиди, ноқулай вазиятга тушиб қолишдан чўчиш ваҳимаси. Сабабларни аниқлаб, улар устида ишланг. Унутманг, офтоб ёруғига чиқиш, бу ўз-ўзини кўз-кўзлашмас, дунёнинг ёрқин томонларини кўра олиш ва қуёш нурларидан баҳраманд бўлишдир.
32-40 баллгача: эътирофни кутиб...
Сиз эътибор қозонишни эмас, бошқалар сизга эътибор қаратишини кутасиз. Аммо эътиборга тушмагунча эътироф этилиш мумкинмаслигини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз. Гоҳида «Шунча уринишларимни пайқамади ҳам, муносиб баҳоламади меҳнатимни», дея нолиб юрасиз. Аслида ўзингиз қилган ишларингизни тўғри намойиш қилишни билмайсиз. Атрофдагилар сизнинг бой ва чиройли оламингизни қандай кўра олсин ахир, ўзингиз уларни юзага чиқармасангиз? Ҳаммаси ўз қўлингизда, ҳаракат қилинг, ўзингизни кўрсатинг. Бўлмаса, кўп нарсадан қуруқ қолишингиз мумкин.
МУХЛИСА тайёрлади.






