АсосийЖамият

Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий мероси: ягона ўтмиш - умумий келажак

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий мероси: ягона ўтмиш – умумий келажак” мавзусида Марказий Осиё давлатлари тарихчилари II форуми бўлиб ўтмоқда.

'Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий мероси: ягона ўтмиш - умумий келажак'ning rasmi

Форум “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида ўтказилмоқда.

Бу йилги форум Марказий Осиё давлатлари тарихчиларининг илмий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, тарих фанининг интеграциялашуви ва умумий илмий йўналишларни белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжоннинг фанлар академиялари, тарих институтлари ҳамда етакчи олимлари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов модераторлик қилди. Шунингдек, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Иса Габиббейли, Қирғизистон Миллий Фанлар академияси президенти Канатбек Абдрахматов, Тожикистон Фанлар академияси вице-президенти Муҳаммаддовуд Қаюм Саломиён, Қозоғистон Миллий фанлар академияси раҳбарлари ҳамда Туркманистон маданият соҳаси вакиллари сўзга чиқди.

Табрик сўзларда Марказий Осиё халқларининг ягона тарихий илдизлари, маънавий мероси ва илм-фан анъаналари ҳақида фикрлар билдирилиб, тарих фанини янги таҳлил ва ҳамкорлик асосида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Форум ялпи мажлис ҳамда икки шўъба мажлисидан иборат бўлиб, унда қатор илмий мавзулар муҳокама этилди.

Биринчиси — “Марказий Осиё моддий маданияти ва маънавий мероси” шўъбасида археология, меъморий ёдгорликлар, ислом даври маданияти, халқларни бирлаштирувчи илмий анъаналар ҳақида маърузалар тингланди.

Иккинчиси — “Марказий Осиё тарихи: ўтмишдан замонавийлик сари” шўъбасида тарихий манбаларни ўрганиш, Ипак йўлининг цивилизациялараро аҳамияти, жадидчилик ҳаракатлари ва минтақадаги фан-таълим интеграцияси каби масалалар муҳокама қилинди.

Форум доирасида илмий муассасалар ўртасида қўшма тадқиқотлар, археологик экспедициялар ва тарихий манбаларни рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Анжуманда сўзга чиққан олимлар Марказий Осиё тарихи ягона цивилизацион жараён эканини таъкидлаб, бугунги фан олдидаги асосий вазифа – умумий тарихий ҳужжатлар ва манбаларни янги илмий ёндашувлар асосида таҳлил этиш эканини қайд этдилар.

Тадбирда XIX–XX аср бошларидаги маърифатпарварлик ҳаракатлари, диний-маърифий муносабатлар, фан ва таълимдаги яқинлашув, жаҳон илм-фани билан интеграция масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тарихчилар II форуми — Марказий Осиё мамлакатларининг илмий салоҳияти, тарихий тафаккури ва маънавий яқинлигини яна бир бор намоён этди.

    Бошқа янгиликлар