АсосийЖамият

Темирйўлда йўловчи ташиш ҳажми камида икки баробар оширилади

Республика бўйлаб шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинди.

'Темирйўлда йўловчи ташиш ҳажми камида икки баробар оширилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевга темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йиллар учун режалар тақдимот қилинди.

Темир йўл тармоғида бошланган кенг кўламли трансформация жараёнлари ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. Ўтган йилни тармоқ илк бор соф фойда билан якунлади, жорий йилнинг биринчи тўққиз ойида соф фойда 800 миллиард сўмдан ошди. Транзит ва йўловчи ташиш, экспорт ва инвестиция ҳажмлари ўсиб бормоқда. 

Тақдимотда бу натижалар билан чекланмай, аҳоли сони ва иқтисодиёт ўсишига мос равишда темир йўл транспорти хизматларининг сифати ҳамда қамровини кенгайтириш, тармоқда харажатларни қисқартиришни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, транспорт ҳисобидан бошлаб, ҳаракат оқимигача бўлган барча босқичларда сунъий интеллект асосида назорат ўрнатиш орқали харажатларни таҳлил қилиш, йўл қўйилаётган йўқотишларни аниқлаш ва шу асосда таннархни 20 фоизга камайтириш мумкинлиги қайд этилди.

2026-2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Буни таъминлаш учун 151 километр янги темир йўл қуриш, 182 километр масофадаги йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та мавжуд станция ва 1 минг километр йўлни модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, “Нурафшон – Пскент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер” ва “Ховос – Даштобод” йўналишларида электрлаштирилган янги темир йўллар қурилади. “Қумқўрғон – Қудуқли”, “Самарқанд – Ургут” ва “Байтқўрғон – Паркент” йўлларини электрлаштириш, “Тошкент – Самарқанд”, “Тўқимачи – Ангрен” ва “Ангрен – Поп” йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш режалаштирилган.

Республика бўйлаб шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинди.

Хусусан, “Тошкент – Нурафшон – Оҳангарон – Ангрен”, “Навоий – Зарафшон – Учқудуқ”, “Қўқон – Наманган – Андижон – Марғилон”, “Термиз – Қумқўрғон – Бойсун – Дарбанд”, “Нукус – Шовот – Урганч – Хива”, “Жиззах – Дўстлик – Айдар-Арнасой кўли”, “Қарши – Шаҳрисабз” каби йўналишларда шаҳар атрофи қатновларини йўлга қўйиш орқали аҳолининг кундалик сафарлари учун қулай шароит яратилиши қайд этилди.

Йиғилишда юқори тезликда ҳаракатланувчи тармоқни кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Узунлиги 102 километрлик “Навоий – Бухоро” темир йўл линиясини фойдаланишга киритишни жадаллаштириш топширилди. Бу йўлнинг ишга тушиши юк ва йўловчи ташишда вақт ва харажатларни сезиларли қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Келгуси йилларда янги очиладиган йўналишлар ва қурилаётган йўллар учун локомотив ва вагонлар паркини кенгайтириш бўйича ҳам режалар баён этилди.

Жумладан, Хитойдан 38 та магистрал локомотив, 50 та манёврли ва гибрид манёврли локомотив харид қилиш назарда тутилган. Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда 6 та юқори тезликдаги электропоезд олиб келиб, улардан биринчисини келгуси йилда “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишида қатновга қўйиш топширилди. Бу орқали йўналишда йўл вақти ҳозирги 14 соатдан 7,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда 250 та замонавий йўловчи вагонларини қуриш, шаҳарлараро қатнайдиган 23 та электр поездини харид қилиш орқали йўловчиларга шароитлар кенгайтирилади. 10 мингта юк вагонларини қуриш, 6 мингдан зиёдини тиклаш ҳамда 12 та электровозни капитал таъмирдан чиқариш вазифалари белгилаб олинди.

Темир йўл соҳасида хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл қурилиши бўйича амалий ишларнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Президентимиз мазкур йўлнинг Марказий Осиёда транспорт боғлиқлигини ошириш ва мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада мустаҳкамлашдаги стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, қурилиш ишларининг сифатини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Йиғилиш якунида темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиб, харажатларни мақбуллаштириш, шунингдек, соҳада йўловчилар ҳамда бизнес учун янада қулай, хавфсиз ва ишончли муҳит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Тошкент вилоятида милтиқ кўтарган эркак дўконга кириб, сотувчи аёлни жароҳатлади'ning rasmi

    Жамият Бугун 20:29

    Тошкент вилоятида милтиқ кўтарган эркак дўконга кириб, сотувчи аёлни жароҳатлади

    Жабрланувчининг олган тан жароҳати юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланди.

    'Чироқчида фуқаронинг уйидан 21 килограммга яқин гиёҳвандлик моддаси топилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 17:28

    Чироқчида фуқаронинг уйидан 21 килограммга яқин гиёҳвандлик моддаси топилди

    ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида икки марта судланган шахснинг уйидан 20 килограмм 658 грамм марихуана мусодара қилинди.

    'Самарқандлик аёл эрини қамоқдан қутқариш учун алимент қарзини ўзи тўлади'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:43

    Самарқандлик аёл эрини қамоқдан қутқариш учун алимент қарзини ўзи тўлади

    Паст Дарғом туманида аёл алимент бўйича қарзни ўз ҳисобига тўлаб, 15 суткага қамалган турмуш ўртоғини озод эттирди.

    'Давлат раҳбарининг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи эълон қилинди'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:46

    Давлат раҳбарининг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи эълон қилинди

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ишонч ва дўстлик асосида ҳамжиҳатликнинг янги босқичига қадам қўймоқда.

    'Инфляция 2027 йилгача 5 фоизгача туширилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:16

    Инфляция 2027 йилгача 5 фоизгача туширилади

    Ўзбекистон ҳукумати кейинги икки йилда нархлар ўсишини босқичма-босқич камайтиришни мақсад қилган.

    'Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг янги бош директорини қабул қилди'ning rasmi

    Жамият 12.11.2025 20:05

    Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг янги бош директорини қабул қилди

    Суҳбат аввалида давлат раҳбари Ҳолид ал Ананийни юксак лавозимга сайлангани билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақият тилади.