АсосийЖамият

Зангиотадаги колонияда жазони ўтаётган аёлларга 600 дан ортиқ китоб топширилди

Шунингдек шахсий гигиена воситалари ҳам топширилган.

'Зангиотадаги колонияда жазони ўтаётган аёлларга 600 дан ортиқ китоб топширилди'ning rasmi

“Билим ва умид нури”: Аёллар колониясига китоб топшириш маросими

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги "Садоқат" боғи маданият марказида Зангиота туманидаги 21-сон колонияда жазони ўтаётган хотин-қизлар учун китоблар ва инсон ҳуқуқларига оид тарқатма материаллар ҳамда шахсий гигиена воситалари топширилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу акциянинг мақсади маҳкумаларнинг маърифат ва ҳуқуқ бўйича адабиётлардан фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, уларни сақлаш шароитларининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга кўмаклашишдир.

Маросимда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи А.Карттунен, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари О.Сатимбаев, 21-колония бошлиғи Г.Каримова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев, Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг бошқа расмий шахслари ва ходимлари иштирок этди.

М.Тиллабоев тадбир доирасида 600 дан ортиқ адабиёт, жумладан "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали нашрлари, шунингдек, шахсий гигиена воситалари топширилганини қайд этди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, хусусан, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича фаол чоралар кўраётгани таъкидланди. Айниқса, конституциявий мақомга эга бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Элчи А.Карттуненнинг айтишича, тадбир Хотин-қизларни камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW) тавсияларига мос келади ва озодликдан маҳрум этиш жойларида аёлларни сақлаш шароитларини яхшилашга, шу жумладан гендерга сезгир ёндашувни таъминлашга, санитария шароитларини яхшилашга ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш ҳамда маърифий ва маданий ривожланиш учун қулай имкониятлар яратишга қаратилган.

Колониянинг кутубхона фондини янгилашдан кўзланган мақсад – қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган инсонларга ёрдам бериш, уларни жамиятга қайтариш ва уларга янги ҳаёт имкониятини беришдир.

 

    Бошқа янгиликлар