Глобал миқёсда аниқланган одам савдоси қурбонлари сони COVID-19 пандемияси даврида пасайганидан кейин яна ортиб бормоқда, дейилади БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ўзининг 156 мамлакатдаги вазиятни қамраб олган сўнгги ҳисоботида.
Одам савдоси бўйича 2024 йилги Глобал ҳисоботда одам савдоси қурбонлари сони 2022 йилда 25 фоизга ўсганлиги қайд этилган.
Чунки қашшоқлик, турли можаролар ва иқлим инқирози сабабли тобора кўпроқ болалар эксплуатация қилинмоқда ва мажбурий меҳнат ҳолатлари кўпаймоқда.
“Жиноятчиларнинг одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, уларни мураккаб онлайн фирибгарлик ва киберфирибгарлик билан шуғулланишга мажбурлаш ҳолатлари анча ортган. Аёллар ва қизлар эса жинсий эксплуатация ҳамда гендер асосидаги зўравонлик таҳдидига дуч келмоқда”, дейди UNODC ижрочи директори Гада Вали.
"Жиноят занжирининг тепасида турганларни жавобгарликка тортиш учун жиноий одил судлов чораларини кучайтиришимиз, қурбонларни қутқариш учун чегаралараро ишлашимиз ва омон қолганлар керакли ёрдамни олишларини таъминлашимиз керак", дея қўшимча қилган Гада Вали.
Ҳисоботга кўра, 2019-2022-йиллар мобайнида дунё бўйлаб мажбурий меҳнат учун одам савдоси қурбонлари сони 47 фоизга ошган. Қурбонлар сони болалар орасида 31 фоизга, қизлар орасида эса 38 фоизга ортган. Болалар савдоси юқори даромадли мамлакатларда ҳам кўпайиб бормоқда, улар турли жиноятларга жалб этилаётган бўлса, қизлар кўпинча жинсий эксплуатация учун сотилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, қурбонлар орасида айниқса африкаликлар кўпчиликни ташкил этади. 2022 йилда камида 162 та давлат миллат вакиллари турли мақсадларда 128 та мамлакатга сотилган. Aниқланган трансчегаравий оқимларнинг 31 фоизи Aфрика мамлакатларининг фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.






