АсосийJamiyat

Келгуси ҳафта Самарқанд шаҳри илк бор Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилишига мезбонлик қилади

'Келгуси ҳафта Самарқанд шаҳри илк бор Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилишига мезбонлик қилади'ning rasmi

Келгуси ҳафта Самарқанд шаҳри илк бор Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилишига мезбонлик қилади. Бу ҳақда президент бошчилигида бўлиб ўтаётган йиғилишда маълум қилинди. 

Ҳозирни ўзида 128 та мамлакатдан 1 мингдан зиёд иштирокчи рўйхатдан ўтди, шундан 79 нафари туризм вазирлари, 24 нафари вазир ўринбосарлари.

Президент ушбу тадбир ҳокимларга мамлакатимиз туризм салоҳиятини кўрсатиш учун катта имконият эканини таъкидлади.

Ҳар бир вилоят ҳокими ўз делегациялари билан вилоятининг табиати, тарихи, маданияти, овқатлари, зиёратгоҳлари, сайёҳлик масканлари ва маршрутларини намойиш қилиши, туризм лойиҳалари бўйича келишувга эришиши шартлиги қайд этилди

Йиғилишда маданий тадбирларни кўпайтириш туристларни жалб қилишда катта имконият экани таъкидланди.

Бундай тадбирлар Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятларида кўп ўтказилаётгани, лекин Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида бу борадаги ишлар қониқарсиз экани айтилди.

Вилоятлар ҳокимлари Маданият вазирлиги билан биргаликда ҳар ой йирик маданий тадбир ўтказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Туман ва шаҳарларда кўп сайилгоҳ, хиёбон, истироҳат боғлари, театр ва маданият уйлари бўш тургани, на туристларни, на аҳолимизни ўзига жалб қила олаётгани қайд этилди.

Ҳудудлар раҳбарларига бу жойларда мусиқий, кўнгилочар ва маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиб боришга топшириқ берилди.

    Бошқа янгиликлар