Тошкент вилояти Экология бошқармаси Оҳангарон тумани инспекторига хизмат вақтида тан жароҳати етказилгани ҳақида хабар берган эдик. Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бош прокуратура ахборотига кўра, Тошкент вилояти экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Оҳангарон тумани инспекцияси масъул ходими М.А. фермер хўжалигидаги дала майдонида хизмат вазифасини бажараётган вақтида ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Ф.Ў. уни уриб тан жароҳати етказиб, хизмат гувоҳномаси ҳамда иш ҳужжатларини тортиб олиб, ҳужжатларига шикаст етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






