АсосийJamiyat

Соғлиқни сақлаш вазири 10 нафар ҳудудий раҳбарни лавозимидан озод қилди, яна 6 нафар ўринбосарга хайфсан берилди

'Соғлиқни сақлаш вазири 10 нафар ҳудудий раҳбарни лавозимидан озод қилди, яна 6 нафар ўринбосарга хайфсан берилди'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. 

Вазир А.Иноятов олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш механизми жойларда тиббиёт ходимларига тўлиқ тушунтириб берилмаганлиги ва жараён тизимли назоратга олинмаганлиги сабабли тармоқ режалари нотўғри тузилганлиги, уларнинг ижроси талаб даражасида бажарилмаганлигини танқид қилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Шундан келиб чиқиб, даволаш-профилактика ишларини талаб даражасида ташкил этмагани, тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкиллаштиришда назоратни сусайтиргани, аҳоли репродуктив саломатлиги кўрсаткичларининг ёмонлашгани учун йиғилишда:

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Юсупов ҳамда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Арабов, Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Орипов ва Ўзбекистон тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Қурбонов, Хива туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари М.Жуманиезова, Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари А.Ибодуллаев, Хоразм вилояти Тез тиббий ёрдам маркази директори У. Матякубов, РШТИЁМ Хоразм филиали директори ўринбосарлари Б.Юсупова ва Б.Машариповлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Йиғилишда "Қишлоқ шифокори" дастури ижроси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Бу дастурни бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун:  

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига (Қ.Камалов, Ю.Мирхонов, А.Ёрқулов, И.Холмурзаев, У.Абдуллаев, Ж.Асатуллаев) ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, йиғилишда тез тиббий ёрдам хизматидаги мавжуд муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Таҳлиллар асносида Президентимиз қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида камчиликларга йўл қўйилганлиги, бу борада етарли чоралар кўрмагани учун:

Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали раҳбари Д.Тоғаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек:

Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари А.Гафуровга ҳайфсан интизомий чораси қўлланилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар