Бугун, 8 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов иштирокидаги таҳлилий-танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги вазифалар ижроси, йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилди.
Қайд этилишича, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури доирасида мазкур соҳани аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида 110 та оилавий шифокорлик пункти, 30 та оилавий поликлиника ва 520 та маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш белгиланган.
Бироқ ўтган даврда Тошкент вилоятида режадаги 10 та, Қашқадарёда 9 та, Сирдарёда 5 та оилавий шифокор пунктидан бирортаси ташкил этилмаган. Ҳудди шундай, оилавий янги поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.
Йиғилишда бирламчи тизимни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича давлат раҳбари топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун:
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Тешаев ва Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Курбановга ўртача ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима;
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Иминов, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Хакимов, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Н.Сафоев ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Содиқовларга ҳайфсан интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди.






