Тез орада Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг топшириғини бажариш доирасида Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Грознийга мунтазам рейс очилади. Бу ҳақда Чеченистон ҳукумати раиси Муслим Хучиев ўзининг телеграм-каналида маълум қилган.
“Вайнахавиа” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасида тегишли келишувга эришилган.
Муслим Хучиев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Россиядаги минтақавий вакили З.Н.Абудуллаев билан учрашувда янги халқаро рейсни йўлга қўйиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Самолёт Тошкентдан Грознийга ва ортга ҳафтасига икки марта парвоз қилиши режалаштирилган.
“Албатта, бу Чеченистон Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги йўловчи ташиш ҳажмини оширишга ёрдам беради ҳамда минтақа иқтисодиёти ривожига қўшимча туртки беради”, — деди Муслим Хучиев.






