"Тошшшаҳартрансхизмат" АЖ бошқарув раиси, ўринбосарлари ва автобус саройи раҳбарлари иштирокида, сўнгги кунларда жамоат транспорти тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, йиғилишда ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган автобус ҳайдовчиси T.Н. шунингдек, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, автобуслар ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш чораларини кўриш бўйича ҳайдовчилар ўртасида етарли даражада йўриқнома ўтказиб тушинтириш ишларини олиб бормаганлиги, автобуслардаги реклама баннерларини жойлаштирилиши ва бартараф этилишига совуққонлик билан ёндашганлиги, ҳамда йўналишларга чиқариладиган автобус ва электробусларнинг иш тартибини тўғри ташкил этмаганлиги сабабли Автобус саройи масъул ходимларига қатъий чора кўрилиб, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, хайфсан интизомий чораси кўрилди. Жумладан:
-"2-Автобус саройи" филиали директори ўринбосари ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига хайфсан интизомий чораси кўрилди.
-"1-Автобус саройи" филиали директори ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига хайфсан интизомий чораси кўрилди.
-"7-Автобус саройи" филиали директори ўринбосарига хайфсан интизомий чораси кўрилди. Реклама жойлаштириш бўйича масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
-"1-, 2-, 5-, 7-, 8-, 12-, ва 18-Автобус саройи" филиаллари бош муҳандисларига хайфсан интизомий чораси кўрилди.
"Шунингдек, барча автобус саройи раҳбарларига йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзиларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсадимиз эканлиги, йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлик, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан барча ҳайдовчилар ўртасида яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилиши юзасидан қатъий топшириқлар бериб ўтилди.
Азиз йўловчилар! Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда «Тошшаҳартрансхизмат» Акциядорлик жамиятининг 1062 ишонч рақамига ва info@tashbus.uz орқали мурожаат қилишингизни ҳамда автобус ҳайдовчиси ёки чиптачиси амалга ошираётган қоидабузарликни суратга олиб автобус рақамини бизга юборишингизни илтимос қиламиз", - дейилади хабарда.






