27 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида” қарор имзолади.
Қарор билан, 2006 йил 3 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бу ўзгаришлар ҳақидаги баённома 2023 йил 27 январь куни Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи вақтида имзоланган эди. Унга кўра, икки мамлакат фуқаролари хорижга чиқиш паспортисиз, ID-картани кўрсатган ҳолда ўзаро чегарани кесиб ўтиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон томонидан қарор ижросини таъминлашга Ички ишлар вазирлиги ва ДХХ Чегара қўшинлари масъул этиб белгиланди. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан бу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани ҳақида Қирғизистон томонига билдиришнома юборади.
Янги тартиб қачондан кучга кириши маълум эмас.
Енгиллик амалиётга татбиқ этилгач, фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.
Бу тартиб исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлди.






