Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида жорий йилнинг 23 апрель куни бир қатор тез овқатланиш тармоқлари курьерларига 200 та велосипед тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад умумий овқатланиш соҳасида кичик ва ўрта бизнес субъектларига кўмаклашиш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, фаол ва ташаббускор ёшларни, шунингдек, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, экологик тоза транспорт турини ривожлантиришдан иборат.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида велокурьерлик хизматларини ривожлантириш маҳаллий тадбиркорлик субъектларига катта иқтисодий фойда келтириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
Тадбирда бир қатор компаниялар вакиллари ҳам иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, курьерлардан фақат ҳужжатлар ёки посилкаларни етказиб бериш учун фойдаланилган даврлар аллақачон ўтиб кетган. Бугун бу усул ёрдамида кўплаб турдаги маҳсулотларни етказиб бериш мумкин. Велосипед ёрдамида озиқ-овқат етказиб бериш эса катта талабга эга. Бу хизмат турли об-ҳаво шароитларида ва кун бўйи фаолияти олиб бориши мумкин. Мижозларнинг мамнунияти эса соҳани янада ривожлантириш кераклигидан далолатдир.
Велосипед дунё бўйлаб энг кенг тарқалган транспорт тури бўлиб, ундан бир миллиарддан ортиқ аҳоли фойдаланади. Бундай машҳурлик бошқариш қулайлиги, ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлиб, велосипед йирик шаҳарларда тирбандликлардан тез ўтиб олишга ёрдам беради. Бу афзалликлар эса курьерларни велосипеддан фаол фойдаланишга чақиради.
Велосипедда юрадиган ходим пиёда юрадиган ходимга қараганда 2-2,5 баравар тезроқ ҳаракатланади, бу эса буюртмалар сонини 1,5 бараварга оширади, бу орқали фойда ҳам кўпаяди. Етказиб бериш хизматлари учун велосипеддан фойдаланиш бошқа транспорт турларига қараганда, бир қатор афзалликларга эга. Хусусан, велосипед тежамкор, қулай, экологик тоза ва соғлиқ учун фойдали ҳисобланади.
Мижозлар тезкорликни қадрлайди, велосипед эса тирбандлик ва коллапсни четлаб ўтиб, манзилга тезда етиб боради. Велосипеддаги курьер ҳар қандай тирбандликдан ўтиб, тор йўлаклар орқали маршрутларни кесиб, маҳсулотни ўз вақтида етказиб беради.






