Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қора денгиз конларидан мамлакат энергетика тизимига газ етказиб бериш бошланганини маълум қилди. 14 май куни бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида давлат раҳбари хонадонларни газ билан бепул таъминлашга ваъда берди. Бу ҳақда “zamon.uz” ёзмоқда.
“Биз бир йил давомида маиший истеъмол учун ойига 25 куб метргача бепул табиий газ берамиз”, деди Туркия раҳбари шимолий Зонгулдак вилоятидаги газ портининг очилиш маросимида.
Қайд этилишича, бу маросим Туркия ҳукуматининг сайловлар олдидан йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини намойиш этишга қаратилган сўнгги уринишларидан биридир.
Табиий газ илк бор 2020 йилда Зонгулдак қирғоқлари яқинидаги Сакаря конида, ўтган йили эса унинг ёнидаги Каикума-1 конида топилган.
Кичик нефть ва газ захираларига эга Туркия Россия, Озарбайжон ва Эрондан газ импортига, шунингдек, Қатар, АҚШ, Нигерия ва Жазоирдан суюлтирилган газ импортига катта даражада қарам.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, биринчи босқичда Сакаря конидан кунига 10 миллион куб метр газ, иккинчи босқичда эса кунига 40 миллион куб метр газ қазиб олинади.
Унинг таъкидлашича, Қора денгиз табиий гази ички истеъмолнинг 30 фоизини қоплайди.






