Миробод туманида фуқароларга бўлиб тўлаш шарти билан уй-жой олиб беришни ваъда қилган МЧЖ раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
“S.H.” МЧЖ раҳбари М.С. Яккасарой ва Учтепа туманларида бошқа МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйни гўёки “S.H.” МЧЖ қураётганлигига фуқаролар М. ва Г.ни ишонтириб, ушбу уйлардан 1 тадан хонадонни сохта шартномалар тузиш орқали бўлиб тўлаш шарти билан сотишга келишиб, уларнинг жами 217 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






