Ўзбекистонда Россиянинг “Герофарм” компанияси билан ҳамкорликда инсулин ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Россиянинг “Герофарм” биотехнология компанияси раҳбарияти билан ҳаёт учун зарур бўлган инсулин дори воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини шакллантириш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида битим имзоланди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Герофарм” компанияси ўртасида Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш назарда тутилгани айтилади.
"Лойиҳанинг амалга оширилиши қандли диабет билан оғрийдиган беморлар учун дори воситаларининг оммабоплигини сезиларли даражада оширади ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади",-дейилади хабарда.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия ишлаб чиқарувчисига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда кўмак беради.
Яқин келажакда томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва муддатларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлашлари таъкидланмоқда.






