Ўзбекистон футбол ассоциацияси Мидори Хонда билан шартнома имзолади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, япониялик мутахассис 2023-йилнинг якунига қадар Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритади.
Маълумот ўрнида, Мидори Хонда 1964-йилда Япониянинг Сидзуока шаҳрида таваллуд топган. 1981-1991-йиллар давомида Япония аёллар терма жамоаси сафида тўп сурган. Ушбу давр мобайнида жамоаси билан биргаликда Осиё ўйинларида бронза медалини қўлга киритган.
Мураббийлик фаолиятини эса 2001-йилда “Окаяма“ клубида бошлаган. Кейинчалик Япония У-20 аёллар терма жамоасида мураббий ёрдамчиси сифатида Жаҳон Чемпионатида иштирок этган ва мундиалда 3-ўринни қўлга киритган. Мутахассис 2013-2019-йиллар давомида “Нагано Парсейро”, 2020-2021-йилларда эса “Сидзуока ССУ Асреджина” клубларини бошқарган. Бундан ташқари, Мидори Хонда Японияда ЖФАнинг “С” категориядаги (“Про”га тенг юритиладиган) лицензияни олган илк аёл мураббий ҳисобланади.
Шунингдек, аёллар терма жамоамизда яна бир япониялик мутахассис — Такая Тсуцуми дарвозабонлар мураббийи сифатида иш олиб боради.






