АсосийJamiyat

Сенат газ баллонлари ўрнатилган транспортларнинг хавфсизлиги бўйича ҳукуматга сўров юборади

'Сенат газ баллонлари ўрнатилган транспортларнинг хавфсизлиги бўйича ҳукуматга сўров юборади'ning rasmi

Ўзбекистон Сенати газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан парламент сўровини юборади. Бу борадаги масала 1 февраль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилинган.

Маълум қилинишича, 2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, йиғилишда автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари кўплаб учраётгани қайд этилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган, газ баллонларининг техник синовдан ўтказилгани тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимиятива бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши белгиланган бўлсада, газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида қабул қилинганини таъкидлаган.

Сўров юбориш масаласи 3 февраль куни ўтказиладиган Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида кўриб чиқилади.

    Бошқа янгиликлар