Мамлакатимизнинг ёш ва иқтидорли шахматчиларидан бири, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Ҳумоюн Бекмуродов янги даражага кўтарилди, у ФИДЕ спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.
Ушбу ёш шахматчи шу кунга қадар ўсмирлар ўртасидаги кўплаб мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек 2020 йилда ўтказилган шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган ҳолда якунда “Спарк” автомашинаси билан тақдирланган эди.
Эслатиб ўтамиз, дунё тарихидаги энг ёш гроссмейстер мақомини 2021 йил 30 июнда ҳинд миллатига мансуб бўлган америкалик Абхиманю Мишра қўлга киритган. У атиги 12 ёш, 4 ою 25 кунлигида шахматдаги энг юқори даражага кўтарилган эди. Бунгача нақд 19 йилдан зиёд вақт давомида жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери мақомини россиялик Сергей Карякин ўз қўлида сақлаб турган. Шунингдек, ҳамюртларимиздан Жавоҳир Синдаров ҳамда Нодирбек Абдусатторовлар ҳам гроссмейстерлик талабини бажарган дунёдаги энг ёш шахматчилар сафидан жой олганини алоҳида таъкидлаш керак.






