2021 йил 27 ноябрь куни соат 17:30да Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига қуйи Амударё Давлат биосфера резервати ўрмонзорида (“Амударё” дарёси иккига ажралган ва қайта қўшилган жойи оралиғидаги оролча) ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 19:10да ёнғинни ўчириш ишларига киришган. (Туман ёнғин-қутқарув қисмидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 47 км. ни ташкил этади). 28 ноябрь куни соат 05:15да ёнғин қуршаб олиниб, 08:04да ўчирилган.
Ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида, воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1 та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2 та булдозер, 2 та погрузчик, 2 та сув ташувчи машиналар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ФВБдан 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан 20 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан 20 нафар, жами 95 нафар ходим жалб этилган ва офатга қарши курашиш учун жойида қолдирилиб, 3 гуруҳга бўлинган ҳолда, кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган.
Кутилмаганда ёнғин қолдиқлари қайта аланга олган ва 29 ноябрь куни соат 10.25лар атрофида ўчиришга киришилиб, 30 ноябр куни соат 03.30да ўчиришга эришилди.
Ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. “Назархан” овул фуқаролар йиғинидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 8 км. ни ташкил этади.
Ҳозирда келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда, воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бормоқда.






