Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳокими Суфхонжон Солиев бошчилигидаги таниқли кулоллар делегацияси 24-30 ноябрь кунлари давомида Италияда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Сафар Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан «Angeli» лойиҳаси раҳбари Аида Абдуллаеванинг кўмагида ташкил этилди. Риштон тумани ва Италиянинг кулолчилик санъати соҳасидаги қадимий анъаналари билан довруғ қозонган Дерута ва Гуальдо-Тадино шаҳарлари вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилди.
Дерута шаҳри мэри Микеле Тониаччини таклифига биноан, 25-26 ноябрь кунлари Ўзбекистон делегацияси ушбу шаҳарга келди ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат қатор соҳаларда ҳамкорликда қилишни назарда тутади. Хусусан, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, томонларнинг инвестицион имкониятларини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш, минтақалар ўртасида ахборот ва тажриба алмашиш, Европа ва халқаро даражадаги бадиий ва маданий ҳамкорликни акс эттирадиган лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун биргаликда грантлар жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, мактаб, университет, ижтимоий, илмий ва иқтисодий, спорт ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш назарда тутилмоқда.
Томонлар Риштон тумани ва Дерута шаҳри ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувга эришди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Дерутадаги кулолчилик музейида ташкил этилган Риштон кулолчилик маҳсулотлари кўргазмасининг очилиш маросимида қатнашди. Унда Риштондан олиб келинган юзлаб сопол буюми махсус стендларда намойиш этилмоқда.
2022 йил 10 январгача давом этадиган кўргазма Италия матбуоти томонидан ҳам кенг ёритилмоқда. Шундан сўнг, мазкур ўзбек кулолчилик мактаби намуналари Италиянинг Умбрия ва бошқа минтақаларида ҳам намойиш этилади.
Ўзбекистон делегацияси Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш кунига бағишланган «Катеринанинг қизил ўриндиғи» сополдан ишланган композициясининг очилиш тадбирида иштирок этди. Шунингдек, делегация Дерута кулолларининг иш услублари ва улар томонидан ишлатиладиган асбоб-ускуналар билан танишиш мақсадида маҳаллий устахоналарда бўлди. Риштон ва Дерута кулоллари ўртасида мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйиш, Риштон сопол ва кулолчилик буюмларини савдосини ташкил қилишдаги ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
- Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан, тез кунларда Риштон тумани билан биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги битим имзолашга қаратилган меморандумни тасдиқлаганимиздан хурсандман. Ўзбекистон билан нафақат маданий алоқалар, балки савдо алоқаларини ҳам йўлга қўйиш биз учун катта имконият ҳисобланади, - деди Дерута шаҳри мэри Микеле Тониаччини.
Дерута Италиянинг марказида жойлашган Умбрия минтақасидаги йирик шаҳар ҳисобланади. У кулолчилик ва мозаика санъати билан жаҳонга машҳур бўлиб, Италия миллий кулолчилик анъаналари тарихида муҳим ўрин тутади. XVI асрда бу ерда машҳур «Rafael» ликопчалари ишлаб чиқарила бошланган. Шаҳарда Италиянинг энг қадимги музейларидан бири – Кулолчилик санъати музейига жойлашган. Унда турли даврлар ва услубларнинг 5 мингдан ортиқ экспонати мавжуд.






