Ўтган бир йил мобайнида аҳолидаги мавжуд жетонлар йўл ҳақи тўлови учун қабул қилинди. Жорий йилнинг 1 декабрь санасидан бошлаб эса Тошкент метрополитенида йўл ҳақини тўлаш учун жетонларни қабул қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати маълум қилди.
Тошкент шаҳар жамоат транспорти автобус ва метрополитен йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари доирасида йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида 2020 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Тошкент метрополитенида жетонлар сотуви тўхтатилган эди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, тўлов тизимида қулайлик яратиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча бекатлари QR кодли чипта, транспорт ва банк карталари ҳамда NFC функциялари орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган.






