Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов Марказий Осиё Футбол Уюшмаси (Central Asian Football Association) га президент этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясининг ахборот хизмати хабар беради.
2015 йилнинг 9 январида Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) нинг навбатдан ташқари Конгессида ташкилот уставига ўзгартиришлар киритилган эди. Унга кўра ОФК аъзо 47 та футбол федерациялари 5 та (бунгача 4 та) географик минтақага бўлиниши белгилаб қўйилган ва янги Марказий Осиё минтақасини ташкил қилиш Конресс аъзолари томонидан маъқулланган эди.
ОФКнинг ушбу ислоҳотлари доирасида Марказий Осиё минтақаси футбол федерацияларининг мутасадди шахслари Қувайтда йиғилиб, Марказий Осиё Футбол Уюшмасининг қароргоҳини Тошкент шаҳрида ташкил қилишга келишиб олдилар. Айни пайтда ташкилотни рўйхатга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
ОФК уставига киритилган янги ўзгартиришларга кўра, эндиликда, Марказий Осиё минтақаси учун ташкилот Ижроия Қўмитасидан 3 та жой ажратилади.





