АсосийShou-biznes

Гулсанам Мамазоитова: “БАЧКАНАЛИКДАН ҚЎРҚАМАН!”

Санъатнинг нони ширин, ташвишлари яширин. Радио орқали янграётган уч дақиқалик қўшиқ ортида қанчадан-қанча уйқусиз тунлар ётганини пайқамаймиз. Албатта ҳамма қўшиқчилар-у, қўшиқларни юқоридаги фикримизга исбот сифатида келтиролмаймиз. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова эса чинакам меҳнатсевар, тун-у кун демай ижод қиладиган хонандалардан. Хонанда шу йилнинг 9 дан 15 февралга қадар “Истиқлол” санъат саройида жонли ижродаги концерт дастурини тақдим этмоқчи. Дарвоқе, “Икки авлод” лойиҳасининг галдаги сони ҳам айнан ижод жараёнида бўлиб ўтди. Овоз ёзиш студиясида Гулсанамни акаси Отабек Муҳамадзоҳид билан учратдик.

Шаҳноз, хонанда, бастакор, шоира:

— Гулсанамни Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқиб юрган даврларидан яхши танийман. Ўша вақтлардаёқ унинг истеъдодига ишончим баланд эди. Орадан кўп йил ўтмаган бўлса-да, у мухлисларнинг ҳам ишончини қозона олди.

— Отабек ака, Гулсанам иккингизни бирга кўриб турганимдан хурсандман. Умуман олганда ака-сингил санъаткорлар жуда кам. Гулсанам акангизга ёққан хонанда сизга ёқмаслиги мумкин ёки аксинча сизга ёққани акангизга. Бу борада баҳслашиб турасизларми? Жоиз бўлса ёқтирмайдиган қўшиқчиларингиз нечта?

Гулсанам: (кулги кўтарилди) Шаҳноза опа, бундай савол билан бошламанг-да. Бор албатта...

Отабек: Кўп ҳолларда дидимиз бир хил чиқади. Ҳамма хонанданинг қўшиғини эшитишга ҳаракат қиламиз. Баъзида фикрларимиз қарама-қарши чиқадиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Синглимга қўнғироқ қилиб, фалончи хонанданинг қўшиғини эшитиб кўр, яхши чиқибди десам, “ака, яхши чиққан бўлса бордир, лекин айтаётган қўшиғи ўзига тўғри келмайди-ку” деб тушунтириб кетади.

— Кейинги саволимга ўзингиз йўл очиб бердингиз. Шундай хонандалар борки уларнинг саҳнадаги ижодига тан берасиз, иқтидорига ишонасиз. Аммо ижоди бор-у ҳаётда ўз ўрни йўқ, одамгарчилиги йўқ санъаткорлар ҳам бор. Киши кўзига, одамларнинг ёнида мажбуран салом-алик қиладиган пайтларимиз ҳам бўлади. Буни менимча томошабинлар ҳам пайқайди. Хонанданинг ҳаётдаги тутган ўрни, одамлар билан муносабати қўшиқларига таъсир қиладими?

Отабек: Бир санъаткорни биламан, ёшлигимдан ўша инсонга ҳавас қилиб улғайганмиз, ҳалигача устоз деб ҳатто ёнида қўшиқ айтишга ийманаман. Иқтидори шундай юксак инсон лекин дили, гапираётган гапи, куйлаётган қўшиғи билан ҳаётдаги амали бир хил бўлмагани учун қўшиқларининг ҳам таъсир кучи йўқ. У хоҳ рассом, хоҳ шоир, хоҳ хонанда бўлсин қачонки тили билан дили бир бўлса, тингловчини қалбига етиб боради. Афсуски, ҳозир тилдан чиққан нарса эса, қулоқда қолиб кетяпти холос.

— Хонанда фақат қўшиқ айтиш билан шуғулланиши керакми ёки...

Гулсанам: Йўқ, агар Яратган юқтирган иқтидори, шу иқтидорни намойиш этишга имконияти бўлса ҳамма нарсада ўзини синаб кўриши мумкин. Ахир ижодкор ўз номи билан ижодкор-ку.

Отабек: Мени фикрим бироз бошқача. Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин деган гап ҳам бекорга айтилмаган. Мисол тариқасида кино санъатини олайлик. Киноларимизни томошабинбоп қилиш учун, сарфлаган харажатни икки баравар чиқариб олиш учун таниқли хонандаларни фильмларга таклиф қилишади. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ўқиётган ёки ўша ерни битирган иқтидорли актёрларимиз бироз назардан четда қолиб кетяпти. Ўша хонанданинг аслида иқтидори борми ёки йўқми, у кинода ўзига берилган вазифани уддалай оляптими бу иккинчи даражали бўлиб қоляпти. Лекин шахсан мен хонанда Анвар Собировнинг актёрлик қобилиятини жуда юқори баҳолайман.

— Гулсанам сиз ҳам ўзингизни кинода синаб кўрдингиз. Таклиф кимдан чиққанди.

Гулсанам: “Катта ҳовли” фильмида узумчи қиз ролини ижро этдим. Ўша қиз хаёлида актриса бўлишни истайди ва фильмнинг ўзида мен Скарлетт образини ҳам  яратишимга тўғри келди. Очиғини айтсам кинода рол ўйнаш мен ўйлаганчалик осон иш эмас экан.

— Хабарингиз бўлдими ёки йўқ: айни шу фильм томошабинларнинг жуда катта танқидларига сабаб бўлди. Акангиз айтганларидек томошабинларни кинотеатрга чақириш учун таниқли хонандалардан фойдаланилган деган гаплар ҳам қулоғимга чалинди.

— Тўғриси бу гаплардан хабарим йўқ, чунки фильмнинг тайёр ҳолатини кўрмаганман. Фильм премьераси бўладиган кун хорижда бўлганим учун, фильмни кўра олмадим.

— Хонандалик ўз йўлига, лекин Гулсанамнинг халқ билмаган яна қандай ҳунарлари, қизиқишлари бор.

— Болалигимдан рақс санъатига жуда қизиқаман. Ҳатто Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Маъмура Эргашева, Суғдиёна Исроиловалардан таҳсил ҳам олганман. Фарғонадаги санъат коллежида ўқиб юрган кезларим биринчи курсдалигимдаёқ қизлардан ташкил топган рақс гуруҳим бўларди. Акамнинг водийдаги қанча концертларига рақсларни ўзим саҳналаштирганман. Кейин жуда яхши пазандаман. Ошхонага бир кириб олсам, қайтиб чиқарволишингиз қийин (кулиб). Ҳа айтганча ёшлигимда спортнинг таэквондо тури билан ҳам шуғулланганман.

— Йўғ-э?

— (Суҳбатга хонанданинг турмуш ўртоғи қўшилди) Зарбаси жуда кучли, исботим ҳам бор,  десам-а... (кулги кўтарилди.)

— Мана буниси мен учун янгилик бўлди. Сизни лирик қўшиқларнинг моҳир ижрочиси деб биламан. Лекин нега ўзингизни бошқа йўналишда синаб кўрмайсиз? Ўта замонавий қўшиқларни куйлаган бўлармидингиз?

— Албатта, нега куйламас эканман. Ҳозир концертга тайёргарликни бошлаганмиз. Репетиция жараёнларида янги жанрда куйлаётганимни кўриб, ҳатто акам ҳам ҳайрон қолдилар. Мухлислар ҳам, санъат аҳли ҳам менимча ижобий қабул қилади. Концертимда ўзингиз эшитиб баҳо берасиз.

— Сизлар оилада икки фарзандмисизлар ё бошқа ака-ука, опа-сингиллар  борми?

— Кўпчилик мухлисларимиз билишмайди, акам билан менинг ўртамизда яна битта опам борлар. Исмлари Гўзал. Улар ҳисобчи бўлиб ишласалар-да санъатни жуда яхши тушунадилар.

— Кимга Гулсанамнинг опаси бор десам, адашяпсиз у ёлғиз қиз деб уриб енгарди (кулиб). Гулсанам сиз шу вақтгача ўзингизнинг қўшиғингизни, юрагингизни очиб берадиган ашулани айтиб бўлдингизми?

— (ўйланиб) Менимча бу саволингизга яна 15 йиллардан кейин жавоб беролсам керак. Чунки ҳаёт давом этяпти, эртага нима куйлашимни билмайман.

Менимча ҳали бундай қўшиқ қилмадим. Инсон қалбига фақат битта қўшиқ билан кириб бормайсиз-ку. Ҳозирдан фалон қўшиғимда Гулсанамни топасиз десам нотўғри бўлади, менимча.  Чунки янгидан-янги ғоялар, қўшиқлар жуда кўп...

— Қани бўлмаса бир учини бизга ҳам ошкор этинг.

— Битта қўшиққа 4-5 халқнинг қўшиғини, ноласини, мусиқасини жо қилмоқчиман. Бу йилги концерт дастуримга улгуролмадим балки кейинги йилга ҳаракат қилиб кўрармиз.

— Ўзи қайси тилларда мукаммал куйлай оласиз?

— Рус, қозоқ, озар, турк, ҳинд тилларида. Айни шу тилларда куйлаган қўшиқларимиз ҳам бор. Лекин инглизчани жудаям ўргангим келяпти. Келажакда миллий мақом қўшиқларимизни инглиз тилига ўгириб, хориждаги мақом шинавандаларига ҳам нима ҳақида куйлаётганимизни тушунтириш истагим ҳам йўқ эмас.

— Бу жуда катта янгилик бўларди албатта. Мен “Қаро кўзим”ни инглиз тилига ўгирганман, истасангиз сизга ҳам беришим мумкин.

Қ.Шайхов: Майлими, кейинги саволларни мен берсам. Гулсанам мана концерт арафасида турибсиз. Ҳар йили концерт берадиган хонандалар концерт олдидан камида 2 қўшиқни ва клипни мухлислар эътиборига ҳавола этади. Улар орасида жуда бўлмаганда битта шўх қўшиқ бўлади. Сизнинг ижодингизни анчадан буён кузатаман. Лекин уч  йилдан буён концерт олдидан фақат маҳзун қўшиқларни тақдим этасиз. Бунинг сабаби нима?

— Чунки маҳзун қўшиқлар тингловчининг қалбига яқин бўлади. Шўх қўшиқлар шундоқ ҳам етарли. Лекин томошабинга бирор мавзуни кўтарган, юки бор қўшиқлар керак. Шунинг учун ҳар йили концерт олдидан маҳзун қўшиқларга эътибор қаратаман. Бу билан шўх қўшиқларим четда қолади демоқчимасман. Улар ҳам меҳнатимиз маҳсули албатта. Умуман қўшиқ у хоҳ шўх, хох маҳзун бўлсам жуда катта меҳнат талаб қилади. Ҳар бири устида ойлаб вақт сарфлаймиз, шоирлар билан маслаҳатлашамиз. Бачкана кўриниб қолишдан, халқ устимдан кулишидан қўрқаман. Шунинг учун ишимга жуда жиддий қарайман.

— Лекин “Тановор” билан “Сенсизлигимда” номли қўшиғингиз “Ёр-ёр айтинг”чалик натижа бермади.

— Фикрингизда жон бордир лекин “Сенсизлигимда” тингловчиларга тақдим этилганига эндигина бир ой бўлди. Балки бироз вақтдан кейин унинг ҳам натижаси кўриниб қолар?  

— Бу билан қўшиғи умуман талабга жавоб бермаса-да ТВ да тинимсиз айланиши оқибатида қулоққа ўрнашиб қоладиган хонандалар тоифасига кириб қолмайсизми?

— Билмадим, мен бу фикрингизга бироз қўшилмайман. Қўшиқ билан қўшиқнинг фарқи бор. Бу қўшиқларнинг тингловчига етиб боришига, сингишига вақт керак.

— Гулсанам Мамазоитовага ўхшаш учун унинг йўлини тутган хонандалар кундан кунга кўпайиб бораётгани сизнинг кейинги мавқеингизга салбий таъсир кўрсатмасмикан?

— Буни нимаси ёмон? Ахир ҳаммамиз ҳам кимгадир ҳавас билан санъатга кириб келганмиз. Кун келиб улар ҳам ўз йўлларини топиб кетишар. Энг муҳими, мени йўлимни тутадими ёки бошқа йўлними, миллий йўналишни ривожлантирадиган санъаткорлар кўпайяпти.

Шаҳноз: Мен барибир сизни бошқа йўналишда кўргим келаверади. Миллий қўшиқлар борасида анча ишларни  қилиб бўлдингиз. Энди навбат янги жанрга келди. Сизга қараб туриб гўё вақтингиз ўтиб кетаётгандай туюлаверади. Шунинг учун тез орада сиздан янги жанрлардаги қўшиқларни эшитаман, деган умиддаман. Суҳбат учун катта раҳмат!

— Сизга ҳам раҳмат. Очиғи мазза қилдим. Концертимда кутаман!

Гулсанам Мамазоитова ҳақида қисқача маълумот:

1981-йил 22-мартда Фарғона вилоятида туғилган

1999-йилда Юнус Ражабий номидаги Республика мақомчилар танловчида 2-ўринни ғолиби бўлган.

2000-йилда Хоразмда бўлиб ўтган 1-Республика мумтоз мусиқа фестивали ғолиб бўлган.

2004-йилда Ўзбекистон давлат консерваториясини тугатган.

2004-йилда “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланган

2006-йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони топширилди.

2013-йил мустақиллигимизнинг 22 йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланди.

Қўшиқлари сони – 150 га яқин

Клиплари сони – 12 та

Мусиқий альбомлари – 10 та

Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади.

Фотомухбир Бекзод Мирсодиқов.

    Бошқа янгиликлар