Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон файласуфларининг I Конгресси олдидан "Замонавий ўзбек фалсафаси: тараққиёт истиқболлари" мавзуида республика илмий-назарий анжумани бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Миллий университети ва унинг қошидаги Фалсафий тадқиқотлар ўқув-илмий комплекси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда uz24.uz нашри хабар беради.
Тадбирнинг мақсади Ўзбекистонда ва жаҳонда фалсафа фанининг аҳволи, шунингдек, уни янгилаш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиш, ҳозирги вақтгача ечимини топмаган муаммолардан келиб чиқиб, замонавий ўзбек фалсафаси ва унинг тараққиёт истиқболларини тадқиқ этишнинг энг долзарб жиҳатларини республикамизнинг етакчи олимлари иштирокида муҳокама этишдир.
Анжуманда республикамиз файласуфларининг имкон қадар кенг доираси йиғилиб, уларнинг диққат-эътибори яна бир бор умуминсоний маънавий қадриятлар, диний-фалсафий фикр, этика, эстетика ва инсоният ижтимоий онгининг бошқа соҳалари ривожланишига улкан туртки берган жаҳон фалсафасининг энг муҳим ва зарур муаммоларга қаратилди. Тадбирда масалаларнинг қўйилиши жиҳатидан қатор қизиқарли маърузалар тингланди, улар конференция материаллари тўпламига киритилди.
Конференция иштирокчилари томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Фалсафий тадқиқотлар ўқув-илмий комплексини яқин келажакда Республикада фалсафа фанини мувофиқлаштирувчи «Фалсафа илмий маркази»га айлантириш зарурияти мавжудлиги тўғрисидаги фикр бир овоздан маъқулланди. Бу ҳақда "Тошкент оқшоми" газетаси хабар қилган.





