Ўзбекистон футбол федерацияси Таиландда давом бўлиб ўтаётган “Қирол Кубоги” мусобақаси доирасидаги Ўзбекистон U-22 – Жанубий Корея U-22 терма жамоалари ўртасидаги ўйинда юзага келган можаро борасида тегишли чора кўради. Бу ҳақида ЎФФ расмий твиттери хабар бермоқда.
“ЎФФ Таиланддаги “King's Cup” халқаро турнирида Ўзбекистон - Корея жамоалари ўртасидаги ўйинда юзага келган можародан хабардор. Ушбу можаро юзасидан ЎФФ Корея Футбол Уюшмаси билан телефонда суҳбатлашди.
ЎФФ Терма жамоалар маркази ушбу масала юзасидан футболчи ва Ўзбекистон U22 мураббийлар штаби билан гаплашади ва тегишли чора кўради.
Шу билан бирга ушбу можаронинг Корея Футбол Уюшмаси билан ўрнатилган яхши алоқаларга таъсир қилмаслиги учун зарур чора-тадбирларни кўради.”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳимоячиси Тохир Шамситдинов рақиб футболчисининг юзига бир неча бор мушт туширганди.
Манба: www.uff.uz





