АсосийShou-biznes

“Йил қўшиғи-2014” ёхуд мухлислар танлаган ғолиблар...

29-30 январь кунлари “Истиқлол” санъат саройида Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида “Йил қўшиғи-2014” гала-концерти бўлиб ўтди...

“Эътироф-2014” тақдирлаш маросими ўтказилди-ку, “Йил қўшиғи-2014”ни жорий қилиш зарурмиди?” каби саволлар туғилганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Гап шундаки, “Эътироф-2014” миллий мукофоти маданият, санъат, спорт соҳаларида фаол бўлган ижодкорларни тақдирлаш учун ўтказилган йил сарҳисоби эди. “Йил қўшиғи-2014” лойиҳаси эса ўтган йилнинг энг севимли ва оммабоп анъанавий ва эстрада қўшиқларини эътироф этишга қаратилган.

 

“Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли дейдилар...”

Хонанда Умидахоннинг “Алла”сидан сўнг Тоҳир Усмонов “Хайр, мактабим” дея собиқ “Сетора” гуруҳи ва Равшан Собировнинг дуэтини куйлаб битирув оқшомидаги ҳаяжонли дақиқаларни ёдга олди. Жасур Умиров ҳам аскарлик даврлари гашти ўзгача  эканини завқ билан куйлади. Зиёда Қобулова эса устоз санъаткор Фахриддин Умаровнинг “Эй, муҳаббат” қўшиғи билан томошабинларнинг бир неча йиллик хотираларини янгилаган бўлса ажабмас. Йиғилганларга кўтаринкилик бахш этиб, концертнинг файзига файз қўшган лаҳзалар бу — жажжи болажонлар ижросида “Маҳаллада дув-дув гап”, “Дилбарим”, “Мафтунингман”, “Пам” каби дурдона асарларда ижро этилган қўшиқларни қайта саҳнага олиб чиқилгани бўлди. Мозийга қайтиб иш кўрган режиссёр Рустам Шамсуддунов шу кунги концертни ретро қўшиқлар билан очишни мақул топди.

“Ушбу мукофот интилишга арзийдиган орзуга айлансин”

Сардор Раҳимхон, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — Айнан “Маликам энди қара” қўшиғи мукофотга лойиқ топилганидан жуда хурсандман. Чунки бу қўшиқ устида мен учун қайғурадиган инсонлардан ташкил топган ижодий гуруҳ ишлаган. Бобур Бобомурод, Аҳмад Ҳожиматов, шу қўшиқ учун овоз берганлар, мукофотни таъсис этганлар ва қўшиқнинг клипи устида ишлаган Санжар Маткаримов, Наримон Султонхўжаевга катта раҳмат айтаман. Илк бор ўтказилаётган “Йил қўшиғи-2014” мукофотини қўлга киритишимда рамзий маъно бор, деб ўйлайман, рағбатлар давомий бўлсин. Ишончим комилки, анъанавий тарзда ўтказиладиган ушбу мукофот интилишга арзийдиган орзуга айланади.  

Сардор Раҳимхон мукофотни қабул қилиб олгач, “Маликам энди қара” қўшиғи бастакори Аҳмад Ҳожиматовни саҳнага чорлади. Ва “Ака, бу сизнинг мукофотингиз!” дея ўзига берилган “Йил қўшиғи-2014” статуэткасини бастакорга совға қилди.

“Тўғри танлов ўз ҳосилини берди”

Умидахон, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — Очиғи, “Кел ярашайлик” қўшиғини ёзишда иккиланганман. Чунки янги йўналишдаги бу қўшиқ сабаб, “нега бундай қўшиқ куйлаган?” деган эътирозларга сабаб бўлиб, мухлисларимни йўқотиб қўймасмикинман, деган фикр тинчлик бермасди. Лекин шу қўшиқни тавсия қилган Элдор Қаюмовнинг танлови тўғри бўлганига бугун яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Бастакор Жасур Бадалбоевга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Қувончимнинг чеки йўқ!  

“Ўзбек тилида кўпроқ қўшиқ куйлашга ҳаракат қиламиз”

Лола Йўлдошева “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — Яширмайман, DJ Пилигрим билан куйлаган “Юлдуз” номли дуэтимиз “Йил қўшиғи” бўлганидан хайратда эмасман. Чунки бу қўшиқ аллақачон ўз мухлисини топиб улгурганди.   

DJ Пилигрим, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — “Йил қўшиғи-2014” лойиҳасининг барча ташкилотчиларига раҳмат айтаман. Ва бундан буён ўзбек тилида кўпроқ қўшиқ куйлашга ҳаракат қиламиз.

“Олға интилишга куч бағишлайди”

Алишер Файз, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — Аввало ижодимизга бўлган эътибор учун ташкилотчилар ва албатта мухлисларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Шоир Насрулло Садрий, бастакор Фазлиддин Раҳмонов ҳамкорлигида ёзилган “Ёлғон экан-ку” “Йил қўшиғи” бўлгани бу — меҳнатимиз мухлисларга манзур келганидан дарак. Бундай ёқимли жараён ижодкорга фақат ва фақат олға интилишга куч бағишлайди.    

 “Икинчи бор ютуққа эга бўлдим”

Муниса Ризаева, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — Тўғрисини айтаман, “Ёмғирлар” қўшиғим  ғолиб бўлишини истагандим. Бироқ Элдор Қаюмов сўзи, Жасур Бадалбоев мусиқаси билан ёзилган “Ёрим” қўшиғи “Йил қўшиғи” сифатида эътироф этилди. Маълумот ўрнида айтишим мумкин, бу қўшиқ “Тарона” тақдимот маросимида ҳам мукофотга лойиқ топилганди. Бугун икинчи бор ютуққа эга бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, ижодимизга бефарқ бўлмаган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.    

“Эътибор янада илҳом бахш этди”

Гуласал Абдуллаева, “Йил қўшиғи-2014” совриндори:Рислиғой Хотамова билан ҳамкорликда ёзилган “Тақ-туқ” қўшиғи нақоратини хиргойи қилиб беришганида кулгандим. Бундай мукофотларга лойиқ топилишини тасаввур ҳам қилолмасдим. Интилганга толе ёр, дейишади, “Йил қўшиғи” мукофотига лойиқ топишганидан жуда ҳурсандман. Бу эътибор янада илҳом бахш этганини яширмайман. Бунданда ёқимли қўшиқлар тақдим этишга ваъда бераман.  

“Қўллаб-қувватлашгани албатта ёқимли жараён”

Абдурашид Йўлдошев, “Йил қўшиғи-2014” совриндори:Ботир Эргашев сўзи, Мусахон Нурматов мусиқаси билан куйланган “Ёнар кўзларинг” қўшиғим “Йил қўшиғи” бўлди. Аслида “Хабаринг йўқ” қўшиғим ғолиб бўлса керак, деган фикрда эдим. Эътибор қилиб, “Ёнар кўзларинг” қўшиғимни мукофотга муносиб билишгани ва қўллаб-қувватлашгани албатта ёқимли жараён. Барчага ташаккур!

“Мукофотга лойиқ топилишини тахмин қилгандим”

Зиёда Қобулова, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — “Севади ёрим мани” қўшиғим мухлисларга ёққани ва айнан шу қўшиққа овоз беришганидан хурсандман. Шоир Баҳодир Низомов, бастакор Умид Обидов билан ҳамкорликдаги ишимиз мукофотга лойиқ топилишини тахмин қилгандим. Боиси халқ хизматларига борганимда айнан шу қўшиқни қайта-қайта куйлатишади-да (кулади). Насиб этса, шу йўналишдаги қўшиқлар гулдастасини яна тақдим этиш ниятим бор.

29 январь куни туғилган кунини нишонлаган хонанда Улуғбек Раҳматуллаев илк бор ўтказилган “Йил қўшиғи-2014” гала-концертини бир умр ёдидан чиқармаслиги тайин. Ахир ўзи энг яхши кўрган қўшиғи “Кабутарлар” ғолибликка эришиши, 5200 та мухлис ва ҳамкасблар қуршовида таваллуд кунни катта саҳнада нишонлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Улуғбек Раҳматуллаев, “Йил қўшиғи-2014” совриндори: — “Кабутарлар” қўшиғим учун олган мазкур ютуғим барча мухлисларимники. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари мени “Истиқлол” санъат саройи саҳнасига чиқиб, мукофотланишимга сабаб бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, қўшиғим матн ва мусиқа муаллифи Алишер Тайр, умуман шу қўшиқ, унга ишланган клипини дунёга келишида иштирок этган барча ижодий жамоага миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Қолаверса, бугунги туғилган кунимни илк бор саҳнада мухлисларим билан нишонлашим. Бу ҳаётимдаги энг унитилмас туғилган кун ва ажойиб совға бўлиб қолади!

Улуғбекка мукофот топширган кўплаб “хит” қўшиқлар муаллифи Шуҳрат Зокиров шу куни илтимосларга биноан “Бир кам дунё” қўшиғи мусиқасини пианинада ижро этди, Машҳурбек, Шаҳзода Муҳаммедова, Улуғбек Раҳматуллаев эса жонли ижрода куйлашди. Кутилмаган ажойиб чиқиш бўлди.

Биласизми?

Лойиҳа доирасида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ёшлар” телерадиоканали ва барча FM радио каналлари томонидан Ёшлар маданият ва санъат маркази қошида ташкил этилган Бадиий кенгашга 50 га яқин хонандаларнинг 100дан ошиқ оммабоп қўшиқлари тақдим этилганди. Бадиий кенгаш, экспертлар тавсиялари ва албатта мухлисларнинг фикрларидан келиб чиқиб, 20 та энг яхши қўшиқлар ва уларнинг сўз, мусиқа муаллифлари тақдирланди.  

Факт:

  • “Йил қўшиғи-2014” гала-концертини Баҳодир Мағдиев, Жамшид Умрзоқов, Акмал Мирзо, Шаҳзода Муҳаммедова, Зиёвуддин Аҳмаджонов, Машҳурбек Раимжонов олиб боришди. Концертдаги кетма-кетликни бир-бирига боғлаш учун Шаҳзода ва Машҳурбекнинг саҳналаштирилган ҳазиломуз чиқишлари томошабинлар юзига табассум улаша олди.
  • Гала-концертда “Сабо”, “Тошкент зеболари”, “Тумор” рақс ансамбллари ўзига хос жозибадор рақсларини тақдим этишди.
  • Мазкур лойҳада “Тантана” ҳамда Болалар ашула ва рақс ансамбли ҳам кутилмаган чиқишлари билан томошабинларга кўтаринки кайфият улаша олишди.
  • 29 январь куни 10 та, 30 январда эса яна 10 та хонанда ва шоир, бастакор тақдирланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар