АсосийShou-biznes

“Опа-сингиллар”да оталар айбдор(ми?)

“Опа-сингиллар”даги Руқиянинг эри хотинини сал тергаб қўйганида ўғли билан келини бунчалар қийналиб юрмасди, “Сардорнинг бевақт ўлимига унинг дадаси айбдор. Бироз эътиборли бўлганида, у ҳали ҳам яшаб юрармиди, гиёҳванд бўлса ҳам Сардор яшашга ҳақли эди, ахир”, "Икромнинг отаси ўғлини ҳаддан ортиқ эркалатганидан у қатъий қарор қабул қилолмайдиган бўлиб қолган...”

Бу “Опа-сингиллар” сериалининг эркак қаҳрамонлари ҳақида мухлисларининг фикрлари. Фикрлар қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини сериалда ота ролларини ижро этган ижодкорларнинг ўзидан сўраб кўрсак...

“СЕРИАЛДАГИ ҚАЙНОНАНИ ЮЗ ФОИЗ ОҚЛАЙМАН”

Собиржон Раҳимов, Муроднинг отаси роли ижрочиси: 

Қисқача маълумот:
1941 йил Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида таваллуд топган.
1969 йилда Театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. 
30 йил Муқимий театрида фаолият юритган.
1 ўғил 3 қизи, 10 та набираси ва 3 та эвараси бор.

— Агар ҳаётда ролдаги ўғлингизнинг ҳолатига тушиб қолсангиз қандай йўл тутардингиз?
 — Хотинимни уйга қайтарардим, аммо бу ерда айб кўпроқ келинимда бўляпти. У уйга қайтиши керак, чунки унинг оиласи, болалари ва эри бор…
 — Келинини хушламайдиган, ҳаттоки қайсидир маънода набирасининг ўлимига сабабчи бўлган қайнонаси ҳам бор-ку?! Сиз сериалдаги турмуш ўртоғингизнинг қилган ишларини оқлайсизми?
 — Мен Руқиянинг сериалдаги ҳар бир ҳаракатини оқлайман, чунки у аёл рўзғорнинг саришталигига, оиладаги эркакларнинг ош-овқати вақтида ҳозир бўлишига ҳаракат қилади. Шунинг учун қаттиққўллик қилади. Бу эса айб эмас. Руқиянинг отаси ўғилсиз ўтган ва у отасини куёвлари қўлида қарам бўлиб қолганидан эзилган, унга шу нарса тинчлик бермайди, холос.
Агар “келиним” ўғили бўлганида ва уйнинг ишларини вақтида бажарганида, “хотиним” ҳеч қачон “келиним” билан ёмон муносабатда бўлмасди. Бу ерда айб биргина “хотиним”да эмас, “келиним”да ҳам.
 — Сериалдаги ролингизнинг феъл-атворини маъқуллайсизми?

 — Албатта, чунки Аловуддин ўқимишли, диний ва дунёвий билимлардан хабардор, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайдиган одам, қандай қилиб бу образни ёмон дейишим мумкин.
 — Тўғри-ю, аммо бу хотинининг гапидан чиқолмайдиган эркак роли бўлиб қолмаганми? Томошабинлардан ролингизга нисбатан эътирозлар эшитганмисиз?
 — Йўқ, у хотинини гапига кириб иш қиладиган эркак эмас. У хотинни сўкиб, уришни ёқламайдиган инсон. Томошабинлар кўча-куйда “шунча қилиқларига қарамай, нега бирор марта ҳам хотинингизни урмайсиз?” , деб сўраб қолишади. Нега уришим керак? Хотинга уруш,сўкиш учун уйланмайсиз-ку. Бунинг устига қаҳрамоним бола-чақали, набирали, 40-50 йилдан бери оиласи билан яшайди…
 — Унда нима учун қаҳрамонингиз хотининига “Сен билан ўтган умримга ачинаман” дейди? 
 — Бу гап уриб-сўккандан оғирроқ. Шу гапдан сўнг “хотиним” бутунлай бошқа аёлга айланди. Ўша гапни айтиш жараёнида столни урадиган жойим бор эди. Биз буни маслаҳатлашиб ўзгартирдик. Чунки менинг қаҳрамоним бировнинг кўнглига тегадиган одам эмас. Агар у жоҳил одам бўлганида, бошидан хотинининг жавобини бериши мумкин эди.
 — Демак, сериалда ўз ҳаётингизни ўйнагансиз, шундайми?
 — Худога шукр, уйимизда тинчлик-хотиржамлик. Уруш-жанжалга йўл қўймайман, ролимга келсак жуда кўп жойлари ҳаётимга яқин.
 

“АЁЛЛАР СИР ЯШИРМАСА...”

Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, сериалда Сарвар ва Сардорнинг отаси роли ижрочиси: 

Қисқача маълумот:
1952 йил 14 июль куни Фарғона вилоятида туғилган. 
1974 йил Тошкент давлат театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
2 ўғли ва 5 нафар набираси бор.                                                                                                

Кўпчилик томошабинлар сериалдаги ўғлингиз Сардор образига қуйидагича таъриф беришади. “Гиёҳванд бўлса ҳам яхши бола эди, севган қизига шеърлар айтиб берарди, шўхликлари ўзига ярашарди”, дейишади. Томошабиннинг унга бўлган меҳрига сабаб нима деб ўйлайсиз?

 — Ҳар бир асарда ижобий ва салбий қаҳрамон бўлади ва ҳар доим салбий қаҳрамон образи яхши ва қизиқарли ёзилади. Яъни ижобий қаҳрамондан кўра салбий қаҳрамонда имконият кўпроқ бўлади. Томошабинларнинг меҳри тушган бўлас, демак актёр Сардор ролини маромига етказиб ўйнаган.

 — Сериалдаги болаларингизнинг ўз фарзандларингизга ўхшаш томонлари борми?
 — Ҳаётда иккала фарзандим ҳам ўқимишли. Катта ўғлим — Жаҳонгир Абдуқундузов тадбиркор, уйланган. “Опа-сингиллар” сериалида менинг ёшлигим образини яратган. Кичик ўғлим ҳам олий маълумотли, журналист, уйланган. Ҳаётдаги ва сериалдаги болаларим орасида ер билан осмонча фарқ бор.
 — Гиёҳванднинг отаси сифатида яратган ролингизга томошабинлар турлича баҳо беришяпти. “Ўғил тарбиясида қаттиқроқ бўлиш керак эди” дейдиганлар ҳам бор....

— Тўғри. Лекин кўп нарса одамнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ўзим чойхонада катта бўлганман десам ҳам бўлади. 5-6 ёшимдан то 10-синфни тугатгунга қадар чойнак ташиб, ўша ерда яшаганман. Агар иродам бўш бўлганда ўша ерда ҳеч бўлмаса чекишни ўрганишим мумкин эди. Ҳамма нарса иродага боғлиқ. Иродаси мустаҳкам одам ҳар қандай ўзини қўлга ола билади.
 — Сериални фақат аёллар эмас балки эркаклар ҳам кўришяпти. Уларга ҳаётий тажрибангиз ва сериалдаги ролингиздан келиб чиқиб қандай маслаҳат берган бўлардингиз? 
 — Оиладаги кўпинча муаммолар аёлларнинг гап яширишидан келиб чиқади. Оналарнинг фарзандига бўлган меҳри унинг камчиликларига кўз юмишига сабаб бўлади. Оқибатда фарзанд билганини қилиб юраверади. Оналарга менинг шахсий илтимосим: фарзандингизда бўлаётган салбий ўзгаришларни турмуш ўртоғингизга айтинг! Бу сотқинликка кирмайди. Эркак киши оила бошлиғи, у ҳар қандай вазиятга реал қараб, фарзандлар тарбиясида қатъиятлироқ бўла олади.

“ШУНДАЙ ЙИГИТЛАР БОРЛИГИДАН ФАХРЛАНАМАН”

Боир Холмирзаев, Икромнинг отаси роли ижрочиси:

Қисқача маълумот:
1961 йил 5 мартда туғилган.
Оилада 10 нафар фарзанднинг иккинчиси.
Оилали: 3 ўғил бир қизи бор.

Кимдир Икромни Мажнунга ўхшаб юришини маъқулласа, кимдир ёмонлайди. “Бориб шартта-шартта юрагидагини айтиб, қутула қолмайдими?”, дейдиганлар ҳам бор. Сериалдаги Икромнинг отаси ролини ижро этгансиз, сиз бу фикрларга нима дейсиз?

 — Бу бола бировнинг кўнглига озор беришни истамайди, муҳаббатни қадрлайди. Икромни тушуниш учун инсон камида унингдек севган бўлиши лозим, йўқса уни тушунолмайди.
 — Демак Икромнинг шундай юришини ёқлайсиз? 
 — Тўлақонли ёқлайман, маданиятли, тарбия кўрган одамлар шундай қилади.
 — Ҳаётингиз яратган ролингизга яқинми?
 — Онасиз катта бўлган ўғил ва қизнинг мулоҳазакор отаси роли ҳаётимга жуда яқин. Тақдиримиз ўхшаш эмасу, лекин ҳаётда ҳам мен худди образимдагидек фикрлаган бўлардим.

 — Боланинг кўнглига қарайверса, у ёмон йўлга кириб кетмайдими?
 — Икром ёмон йўлга кириб, гиёҳванд бўлиб кетмади-ку. Балки отаси унинг кўнглига қарагани учун ҳам шундай тарбияли йигит бўлиб етишгандир. Бўлмаса, у қизга “сен бўлмасанг, бошқаси”, деб кетиб қолармиди. Мен ўзбекнинг шундай йигитлари борлигидан фахрланаман.
 — Мухлисларингиз томонидан ролингизга нисбатан қандай фикрлар бўлди?
 — Фақат ижобий гаплар эшитдим. Зиёли одам ақл билан иш қилади. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти соати борлигини билади. Хотини кетиб қолса, уни мажбурлаб қайтариб олиб келмайди, аксинча ўйлаб олишига имкон беради. Сериалдан сўнг қаерга борсам, мухлислар ўзларининг қариндошларидек кутиб олишяпти. Ҳақиқий ўзбек зиёлиларини кўрсатса ҳам бўлар экан-ку, деган гапларни ҳам эшитдим.
 — Сериалнинг муваффақияти нимада деб ўйлайсиз?
 — Актёрларнинг тўғри танланганлигида.
 

Феруз МАМАТОВ суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар