АсосийSport

Мираброр Усмонов терма жамоанинг Осиё кубогидаги иштирокини қониқарли деб топди

ЎФФ раҳбарияти миллий терма жамоанинг Осиё кубогида кўрсатган ўйини ва натижасидан қониқиш ҳосил қилган. Stadion.uz нашри тарқатган хабарга кўра, бу ҳақда Миржалол Қосимов "Футбол шарҳи" кўрсатувида маълум қилган.

"Бугун эрталаб Ўзбекистон футбол федерациясини президенти Мираброр Усмонов терма жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби билан учрашди. Мираброр Зуфарович учрашув чоғида футболчиларга Осиё кубогидаги ўйинлари учун миннатдорчилик билдирди ва терма жамоа қайд этган натижани қониқарли деб топди. ЎФФ раҳбари футболчиларнинг кейинги фаолиятига омадлар тилади. Ўйлайманки, Хитой қарши ўйин ва якуний натижани инобатга олмаганда, мухлисларимиз терма жамоа ўйинларидан мамнун бўлишди", — дейди Миржалол Қосимов.

Терма жамоа бош мураббийи чорак финалда Жанубий Кореяга қарши ўйинда Сервер Жепаровни нима учун майдонга туширмаганини қуйидагича изоҳлаган:

"Кореяга қарши ўйинда Одил Аҳмедовнинг жароҳат олиши режамизни ўзгартиришга мажбур қилди. Кореяликларга қарши ўйинда мустаҳкам ва зич ҳимоя асосида ўйнаётганимиз учун Одилнинг ўрнига Кападзени туширишга қарор қилдим. Ўйин охирида эса Лутфулла Тўраевнинг ўрнига Жепаров ёки Искандаровни тушириш керак бўлганида, мени Жамшидни танладим. Боиси, унда Худо томонидан берилган нозик пас бериш қобилияти бор. Қолаверса, Искандаров ва Рашидов бир-бирларини яхши тушунишади, улар яхши тандем ҳосил қилишади. Шу боис, Серверни эмас, Жамшидни майдонга туширдим".

    Бошқа янгиликлар