Ўтган 2014 йилда Қорақалпоғистонда давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш натижасида 49 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради.
Бу борада энг катта эътибор аёлларни, айниқса, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган.
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2014-2016 йилларга мўлжалланган дастурига мувофиқ 2014 йил саноат йўналишида 186, қишлоқ хўжалигида 338, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 941 лойиҳа амалга оширилиб, 79,3 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Натижада 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Дастур ижроси доирасида юқори сифатли аккумулятор ишлаб чиқарувчи “Нурбек оқ-олтин”, газ ва кўмир билан ишловчи иситиш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ҳурбиби”, кўмирбрикет маҳсулотларини тайёрлайдиган “Баҳодир ва К” масъулияти чекланган жамиятлари, синтетик кир ювиш воситалари ишлаб чиқарувчи “Манғит град медиа”, натрий сульфат ишлаб чиқарадиган “Қўнғирот натрий сульфат” каби янги корхоналарнинг ишга туширилиши туфайли юзлаб аҳоли иш билан таъминланди.
Ҳар бири 360 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Кегейли туманидаги “Автоқайипмайчи”, Қанликўл туманидаги “Рая-Зиёда”, Тахтакўпир туманидаги “Ткачиха-Тахта”, Беруний туманидаги “Беруний Голд Текс” масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳам аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу борадаги ишлар жорий 2015 йилда ҳам изчил давом эттирилиб, республика бўйича 49 минг 841 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.





