АсосийJamiyat

Ўзбекистон Президентлигига номзодлар кўрсатилди

Тошкент шаҳрида 15 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда ЎзА.
ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар Конституциямиз ҳамда сайлов қонунчилигимиз талабларига мос, умумэътироф этилган халқаро андозалар даражасида ташкил этилганини таъкидлади.
Сайловлар натижасига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари парламент қуйи палатасида энг кўп – 52 ўринга эга бўлди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида 305, туман (шаҳар) Кенгашларида 1805 депутатлик ўрнини эгаллаб, парламентда фракция, жойлардаги вакиллик органларида депутатлик гуруҳлари шакллантирилди.
Йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга тадбир – 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Унда партиядан номзод кўрсатиш хусусидаги масала муҳокама қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ислом Абдуғаниевич Каримов номзоди кўрсатилди. Йиғилиш иштирокчилари бу таклифни бир овоздан маъқуллади. 

Ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон дунёда ўз обрў-эътибори ва мавқеига эга, барча соҳада изчил ривожланаётган мамлакат сифатида тан олинди. Хусусан, ўтган даврда иқтисодиётимизнинг қарийб 5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 марта ўсгани, одамларнинг даромадлари 8,7 баробар кўпайгани ана шундай ижобий ўзгаришларнинг яққол далилидир.
Анжуманда ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг Президент сайловида иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни топшириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йўли оламшумул тараққиёт ва ўзгаришлар йўли бўлганини таъкидлади. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, барча жабҳаларни модернизациялаш, кучли фуқаролик жамияти барпо этишда улкан ютуқларга эришилди. Инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилган демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қўлга киритилган муваффақиятлар жаҳон миқёсида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси барча жабҳаларни янада равнақ топтиришда муҳим босқични бошлаб берди. Бу жиҳатлар миллий сайлов тизимимизни жаҳон андозалари талабларига мос тарзда такомиллаштириш, сиёсий партиялар учун имконият ва ҳуқуқларнинг яратиб берилганида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва жойлардаги вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловлардаги фаол иштироки давлат ҳокимиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов номзоди кўрсатилди. Бу таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.
 
Тошкент шаҳрида 16 январь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров ва бошқалар мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, барча соҳаларни изчил ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган кучли демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўтган даврда миллий сайлов тизими жаҳон талабларига мос тарзда такомиллаштирилди. Мамлакатимизда сайловлар кўппартиялик асосида амалга оширилмоқда.
Пленумда “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши масаласи муҳокама қилинди. Мазкур сайловга тайёргарлик ишларини кучайтириш, Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш, партия қурултойини чақириш масалалари кўриб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Мажитович Умаров номзодини кўрсатиш таклиф қилинди. Мазкур таклифни пленум иштирокчилари қўллаб-қувватлади. Партия уставига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш партия қурултойи томонидан амалга оширилади.
* * *
Шу куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси С.Отамуродов ва бошқалар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси барча соҳаларни изчил равнақ топтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандликнинг барча тури, хизмат кўрсатиш, сервис ва туризм соҳаларини ривожлантириш ва бу борадаги қонунчилик ташаббусларини илгари суришда партия муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йил 26 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилиниб, мазкур сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.
Пленумда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга тадбир – 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Унда “Миллий тикланиш” партиясидан номзод кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.
Партиянинг съезди муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзоси Акмал Холматович Саидов номзодини кўрсатиш таклиф этилди. Бу таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.
 

    Бошқа янгиликлар