АсосийJamiyat

Қорақалпоғистонда Ўрта Осиёдаги энг йирик газ ва кимё комплекси қурилади

Қорақалпоғистон Республикасида бунёд этилиши бошланган Устюрт газ ва кимё комплексининг қурилиши учун 3,9 миллиард доллар маблағ сарфланади, дея хабар қилади kun.uz Uzbekistan Today ахборот агентлигига таянган ҳолда.

Ушбу лойиҳа ҳудудда нефть ва газ соҳасидаги ишлаб чиқариш имкониятларини модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Бу комплекс нефть кимёси соҳасидаги энг йирик лойиҳа бўлиб, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам кўлами бўйича тенгсиз бўлиши айтилмоқда.

Бу комплекс орқали 2016 йилдан бошлаб, ҳудудда йилига 4,5 миллиард кубометр табиий газ қазиб олиниши, 387 минг тонна юқори сифатли полиэетилин, 83 минг тонна полипропилен ва 100 минг тонна кимёланган бензин ишлаб чиқарилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, минглаб янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

Қурилиш ишлари 2012 йилда бошланган ушбу комплексда айни пайтда иш суратлари тезлаштирилган.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда Жанубий Кореянинг “Когаз”, “Лотте”, “STX Energy” ва маҳаллий “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компаниялари ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Шу вақтгача 1,4 миллиард доллар ҳажмидаги ишлар бажариб бўлинган. Кейинги 1 йил давомида яна 2,5 миллиард долларлик ишлар қилинади.

Лойиҳани молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки, Корея Ривожланиш банки, Korea Finance Corporation, China Development Bank , ING (Нидерландия), Германиянинг KfW, Bayern LB, Siemens Bank номли банклари, Швейцариянинг Credit Suisse банки ҳамда Швациянинг Nordea, SEC банклари ҳам иштирок этишмоқда.

Халқаро миқёсда нашр этиладиган Project Finance International нашри бу лойиҳани газ ва нефть кимёси бўйича 2012 йилда ишлаб чиқилган энг яхши лойиҳаси деб эътироф этган. Trade Finance Magazine ва Global Trade Review томонидан эса, “2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси” деб тан олинган. Шунингдек, Infrastructure Journal нашри бу лойиҳани “2014 йилнинг нефть ва газ соҳасидаги энг глобал лойиҳаси” сифатида қайд этган.

    Бошқа янгиликлар