Ёшлар маданият ва санъат маркази Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси кўмагида “Йил қўшиғи-2014” телелойиҳасининг якуний босқичини ўтказиш санасини эълон қилди.
Лойиҳа 29-30 январ кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган гала-концерт билан якунланади. Тадбирда эстрада юлдузлари 2014 йилдаги энг хит қўшиқларни ижро этишади. Айнан ушбу чиқишлар телелойиҳанинг сўнгги босқичи ҳисобланади. Бунинг учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда FM радиостанциялар томонидан 50 дан ортиқ ижодкорларнинг 100га яқин қўшиқлари тадим этилган бўлиб, ушбу қўшиқлар радиотингловчилар томонидан кўпроқ қўйилиши илтимос қилинган.
Натижада, радиотингловчилар ҳамда жамоатчилик фикр инобатга олинган ҳолда энг яхши 20та қўшиқ танлаб олинади. Ҳар бир энг яхши қўшиқ ижрочиси статуэтка билан тақдирланса, унинг бастакори ва шоири дипломни қўлга киритади.





