Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироққа қарши ўтказган иккинчи ўртоқлик ўйинида дуранг натижа билан чекланишга мажбур бўлди. Ўйинда ҳисоб очилмади.
Бешинчи дақиқада учрашувдаги дастлабки хавфли вазият ҳам яратилди, аммо Одил Аҳмедов томонидан йўлланган ажойиб зарбани Ироқ дарвозабони қайтаришга эришди.
Ҳисобни 20-дақиқада Сервер Жепаров очиши мумкин эди. Шуҳрат Муҳаммадиев рақиб жарима майдончаси ичида йиқитилгач, ҳакам пенальти белгилади. Аввалига Жепаров гол киритган эди. Аммо ҳакам пенальтини бошқатдан тепишга кўрсатма берди. Иккинчи сафарги зарбада Жепаровнинг омади келмади.
Фойдаланилмаган пенальтидан сўнг ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинда устунлик қилишда давом этди. Ироқ эса асосий эътиборни ҳимояга қаратди. Рақиб бир неча бор ўйинни майдон марказига кўчиришга уриниб кўрди, аммо Миржалол Қосимов шогирдлари яхши ташкил этилган прессинг эвазига бунга йўл қўймадилар. Фақат биринчи бўлим охирларига қадар Ироқ Ўзбекстон терма жамоаси хуружини бўшаштиришга муваффақ бўлди. Ҳатто 32 дақиқада Игнатий Нестеров дарвозаси томон узоқ масофадан кучли зарба ҳам берилди. Аммо зарба тўғри дарвозабонга йўлланди ва тажрибали Нестеров тўпни муштлари билан дарвозадан узоқлаштирди.
Орадан икки дақиқа ўтиб Сардор Рашидов ҳисобни очиши мумкин эди. Ўзбекистон терма жамоаси тезкор қарши ҳужум ташкил қилди ва Сардор рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетганди. Аммо якуний зарбани беришда унга аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлим бошида Ироқ босимни оширишга уриниб кўрди. Аммо бундан ҳеч қандай наф чиқара олгани йўқ. Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уринишлари ҳам самара келтирмади. Шу тариқа учрашув 0:0 ҳисобида якунига етди.
Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон - Ироқ - 0:0
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Сардор Рашидов, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Воҳид Шодиев.
Ироқ: Муҳаммад Ҳамид, Аҳмад Иброҳим, Али Баҳжат, Али Фаёз, Ҳомади Аҳмад, Ҳумам Тариқ, Дургам Исмоил, Саад Абдул Амир, Волид Салим, Али Хусни, Юнус Маҳмуд.
Амалга оширилмаган пенальти: С.Жепаров, 19 (Дарвозабон)
Манба: www.uff.uz





