"Водийгазтаъминот" унитар корхонаси Бешариқ туман филиалининг аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш аҳволи ўрганилганда, талайгина қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аён бўлди.
Маълум бўлишича, "Водийгазтаъминот" унитар корхонасининг мазкур тумандаги филиали томонидан 2013 йилда 10 ва 20 килограммли газ баллонларида аҳолига жами 587 минг 980 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилган. Бироқ газ баллонларини аҳолига сотишдан тушган жами 285 млн. 787 минг сўмдан зиёд нақд пул маблағи назорат-касса машинасидан ўтказилмасдан, Давлат солиқ хизматидан рўйхатдан ўтмаган чипталар (квитанциялар) орқали кирим қилиниб, "Миллий банк" Бешариқ туман филиалига топширилган.
Шунингдек, 2013 йил ва 2014 йилнинг ўрганилган вақти мобайнида филиалнинг экспедитори А.Ғаниевнинг талаби билан суюлтирилган газ баллонларини ўрнатувчи уста ва ҳайдовчилар аҳолига тўлдирилган баллонларни белгиланганига нисбатан қиммат нархларда сотишган. Бундан тушган жами 8 млн. 200 минг сўмдан зиёд нақд пул маблағи банкка топширилмасдан, турли эҳтиёжлар учун сарфлаб келинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан "Водийгазтаъминот" унитар корхонасининг Бешариқ туман филиали мансабдор шахслари тегишли жиноий жавобгарликка тортилди. Етказилган зарар ундирилди.
"Зарафшон" газетасининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2012 йил 22 августдаги қайдномасига асосан, 1 килограмм суюлтирилган газ (СУГ) 255 сўм қийматда етказиб берилиши белгиланган. Демак, 50 литрлик маиший газ баллонини СУГ билан тўлдириб, мижозга етказиб бериш учун 5 минг 100 сўм ҳақ олинади.
Манба: “Ҳуқуқ” газетаси





