АсосийJamiyat

Тошкентда электр тармоғидаги тез-тез узилишлар иситиш воситалари кўп ишлатилаётгани сабабли бўлаётгани маълум қилинди

Тошкент шаҳридаги электр тармоғида тез-тез кузатилаётган узилишларга аҳоли томонидан кўплаб иситиш воситаларининг ёқилиши оқибатида юкламанинг ортиб кетиши сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» ДАКнинг «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг расмий хатига асосланиб «Uz24.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг пасайиши билан аҳоли томонидан электр иситиш воситалари, кўпинча қўлбола қурилмалар ва иситиш режимида кондиционерларнинг ишлатилиши кўпайиб кетган. Юкламанинг ортиши электр ишлаб чиқарувчи станциялар фаолиятининг мувозанати бузилишига олиб келади.

“Toshkent elektr tarmoqlari korxonasi”ning Uz24.uz’ga rasmiy xati. Foto: uz24.uz

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси»нинг «Uz24.uz»га расмий хати. Фото: uz24.uz

Бундай ҳолатда Миллий диспетчерлик маркази электр истеъмолини чеклаш ва линияларни босқичма-босқич ўчиришга кўрсатма беради. Узилишлардан аҳолининг хабардор қилинмаётганига эса электр истеъмоли чекловлари тезкор равишда киритилаётгани сабаб бўлаётгани айтилган.

Бу мажбурий чора эканлиги ва энерготизимнинг барқарор ишлаши учун қўлланаётгани таъкидланган. Акс ҳолда, аварияга қарши тизим ишлаб кетиб, автоматик равишда электр узилишига олиб келиши мумкинлиги айтилган.

    Бошқа янгиликлар