19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар, дея хабар беради ЎзА.
Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир қатор қўмиталарининг мажлисларида Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар вакилларининг иштирокида олдиндан муҳокама этилди. Муҳокамалар чоғида мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатини ижро этиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган талай амалий таклифлар билдирилди.
Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети 2014 йилнинг тўққиз ойида аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилганлиги таъкидланди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил январь ойида ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларини аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда амалга ошириш ҳисобот даврида иқтисодиётнинг изчил равишда ўсишига ва макроиқтисодий барқарорликка хизмат қилди. Бу даврда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши 8,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларининг ўсиши 6,8 фоизни, чакана товар айланмасининг ўсиш суръатлари 14,2 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобот даврида профицит билан бажарилди.
Машинасозлик ва металлга ишлов бериш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, тиббий, озиқ-овқат саноати, қора металлургия саноати изчил ривожланди, уларнинг саноат ишлаб чиқариши умумий тизимидаги улуши ўтган йилнинг шу даврдагига нисбатан кўпайди. Банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар банкларнинг жами капитали ўсишини, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли депозитларининг, активлар ва кредит қўйилмаларининг кўпайишини таъминлади.
Жорий йил бошидан буён амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 777,8 мингта янги иш ўрни, шу жумладан, қишлоқ жойларда 465 мингта иш ўрни ташкил этилди. “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилиб, уни молиялаштиришга барча манбалардан 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият ва спорт соҳалари ўз вақтида молиялаштириб турилди, аҳолининг кам таъминланган қатламлари қўллаб-қувватланди. Салмоқли даражадаги бюджет маблағлари ажратилиши иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини янада ошириш орқали аҳоли фаровонлигини изчил яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятини яратди.
Депутатлар ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.
Мажлис чоғида депутатлар, шунингдек, мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Жумладан, парламент аъзолари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар. Қонун лойиҳаси мамлакатимизда жамоавий инвестициялаш тизимини ташкил этишни рағбатлантиришга, вақтинчалик бўш турган пул маблағларини сафарбар этишга ҳамда уларни миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтиришга қаратилгандир.
Мажлиснинг кун тартибига “Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам киритилди. Ушбу қонун лойиҳаси “Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси болаларни жисмоний, руҳий, ижтимоий, ахлоқий ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қиладиган қонунчилик кафолатлари ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқ белгилаб қўйишга қаратилгандир.
Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Ҳар томонлама кўриб чиқишдан сўнг депутатлар ушбу қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати





